ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ФИФА томонидан илгари сурилаётган Жаҳон чемпионатларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифига жавобан дунё футбол оммасига видео-мурожаат йўллади. Айни вақтда ФИФА мундиални ҳар икки йилда ўтказиш ташаббуси билан чиқмоқда.

Фото: ЎФА

Ўзбекистон футболи оиласининг Жаҳон Чемпионати бўйича фикри билан ўртоқлашмоқчиман. Жаҳон Чемпионати футболдаги чўққи ҳисобланади. Бу спорт тури билан шуғулланишни бошлаган инсон борки, мундиални орзу қилади. Аммо жуда кам сонли маҳоратли футболчиларга бу насиб этади. Сабаби Жаҳон Чемпионати тўрт йилда бир маротаба ўтказилади. Саралаш босқичи эса жуда ҳам мураккаб ва унда баъзида топ-жамоалар ҳам йўлланмасиз қолади.

Футболчилик фаолияти жуда қисқа, миллий жамоаларда рақобат кучли. Бир циклда ўйнаган футболчи 4 йилдан сўнг кейинги циклда жамоага бошқа чақирилмаслиги мумкин. Қолаверса, жароҳатларни ҳам унутмаслик керак. Шундай экан Жаҳон Чемпионатида иштирок этиш имкониятининг ошишини бутун дунё футболчилари, мураббийлари, ҳакамлари ва албатта мухлислари қўллаб-қувватласа керак деб ўйлайман. Мисол учун ҳакамларни олайлик. Мен билган кўплаб истеъдодли ҳакамлар 4 йиллик циклда рўйхатдан четда қолган.

ФИФА таклиф қилаётган 2 йиллик циклнинг ютуғи шундаки, футболчилар ва футболга алоқадор барча мутахассисларнинг мундиал орзуси амалга ошиш имконияти янада ортади. Қолаверса, агар қитъа чемпионатлари ҳам шу тизимга ўтса, биз ҳар йили терма жамоалар миқёсида катта финал турнирлари гувоҳига айланишимиз мумкин.

ФИФАнинг футболни ривожлантириш бўлими раҳбари Арсен Венгернинг бу борадаги таклифи билан танишар эканмиз, яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш зарур. Саралаш баҳсларининг оптималлаштирилиши. Яъни, мавсумда икки бор терма жамоалар саралаш баҳслари учун йиғилади ва йўлланмалар учун ўйинлар ўтказади. Бошқа пайт ўйинчилар клублар ихтиёрида бўлади ва узоқ сафарлардан кейинги толиқиш муаммосига камроқ дуч келади.

Биз бу таклифни футбол учун фойдали деб ҳисоблаймиз. Ҳакамлик фаолиятим давомида биз ҳам йирик мусобақаларни интизорлик билан кутардик. Энди эса мамлакатим футболининг раҳбарларидан бири сифатида терма жамоамизнинг мундиалда қатнашишини ният қиламан. Зеро, Жаҳон Чемпионати иштирокчиси бўлиш ўзбекистонлик футбол мухлисларининг 30 йиллик орзуси ҳисобланади. Ўзбек футболи оммаси ФИФАнинг бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Футболни биргаликда ривожлантирамиз!

Равшан Эрматов, ЎФА биринчи вице-президенти

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!