Саёҳат одамни руҳан тозартиради. Шаҳарда кўрган-кечирганларим асабни толиқтириб, кўнгилга ташвиш солаверса, тезда сафарга отланаман. Жонажон фотокамерамни олиб, аввал сира бормаган, бутунлай янги олам ҳисобланган вилоятга, қишлоққа йўл оламан. Бу гал ҳам сайр, ҳам меҳмондорчилик баҳона Сариосиёга отландим. Сурхондарёнинг қадим маскани бўлмиш бу жойда табиатнинг бор гўзаллигини кўзинг билан кўриб, камига ўзинг суратга муҳрлашинг, барибир, бошқа.

Сариосиё — тегирмон бошими ёки Осиё боши?

Nexia’да узоқ йўл юриш азоб, чинакам азоб! Қайтиб Сурхондарёга борганим бўлсин, деб зорланганимни эсласам, кулгим қистайди. Нақ 17 соат йўл юрибмиз. Ҳайдовчи амаки азбаройи эҳтиёткорлигидан, камига багажга боғланган юк оғиридан машинани роса секин ҳайдади.

Манзилгаям амаллаб етдик. Сурхондарё деганда нуқул иссиқ ва қуруқ воҳа, офтоб тиғида жизғанаги чиққан одамлар кўз олдимга келаверар, лекин Дашнободга етиб, буткул бўлак манзарани кўрдим — тасаввурларим синди. Атроф тоза, сўлим ва шу қадар салқин. Ариқларни тўлдириб оқадиган сувни анчадан бери учратмагандим. Анорзор, макказор, дов-дарахтлар қуюқлигидан ҳовлининг охири кўринмайдиган хонадонлар беҳад кўп.

Дашнободда дугонам яшайди. Меҳмонга чақирган хонадон бекаси ва укамдек бўлиб қолган болалар билан сўраша-сўраша ичкарига кирдим. Айвонли уйдан чиқиб, бизни қаршилаган катта момо (бувини «катта» деб чақириш одат экан) тезда, ёшига хос бўлмаган эпчиллик билан дастурхон тузай бошлади.

Феруза холам (дугонамнинг онаси) «махсус» таом — шулла сузиб келганида жамики йўл чарчоқларимдан қутулгандек бўлдим. Сурхондарёликларнинг ўзига хос дармондори бу таомини охиригача сипқормасликнинг иложи йўқ. Шулла гуручли ёки хамирли бўлиши мумкин, худди қатиқли мастава ё туппага ўхшайди. Жоннинг ҳузури бўлган шуллани, асосан, иштаҳа очиш, беморга қувват бўлиши учун пишириб беришади.

Хамирли шулла.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Гуручли шулла.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Суҳбат асноси хонадон эгаларидан Сариосиё сўзи нима маънони англатишини сўрадим. Чунки йўл бўйи шу ҳақда ҳам ўйлаган, бирор тарихий воқеага боғлиқ бўлса керак, деб тусмоллагандим. Лекин тайинли жавоб чиқмади даврадан. Майли, эрта-индин бошқалардан ҳам сўрарман, дея гапни бошқа мавзуга бурдим.

Маълумот учун: Тошкентга қайтиб, манбаларни ўргансам, Сариосиё қадимги форс тилида Осиёнинг бошланиши («сар» форс-тожик тилида «бош») деган маънони англатаркан. Лекин айрим манбалар бошқача сўзлайди. Абдуғофур Набиевнинг 1996 йили нашр этилган «Тарихий ўлкашунослик» китобида (.pdf): «...бир вақтлар шу ерда бир киши тегирмон қурган ва унинг атрофига келиб, уй-жой қуриб, ўрнаша бошлаганлар. Аста-секин бу ер қишлоққа айланган, аҳолисининг кўпи тожиклардан иборат бўлгани сабаб, улар ўз қишлоқларини ‘Тегирмон боши’, яъни тожикча ‘Сариосиё’ деб атаганлар», — дейилган. Миллий энциклопедияда ҳам Сариосиё «тегирмон боши» дея изоҳланган (.pdf).

Хонадон соҳибларининг айтишича, бу атрофда ҳамма бир-бирига қавм-қариндош, қадрдон. Шунгами, келиб-кетадиганга эшик доим очиқ. Ажабланганим, ҳатто биринчи марта кўриб турган одами билан ҳам минг йиллик оғайнидек очилиб-ёйилиб гурунг қиларканлар. Менам дашнободликлар билан тезда апоқ-чапоқ бўлиб кетдим. Аммо бир-бирларига кўнгилдаги меҳр-муҳаббатни ҳамиша очиқ айтавермас, аксинча, койиб, уришиб, бетга шарт гапириб, баъзан уриб (ҳазил маъносида) ифодалашаркан.

Аёллари-чи, орзу-ҳавас, янги либос, пардоз-андоз, ноз-карашмага қўл силтаган, бор умидини фарзандлари қиёфасида кўрадиган, умрини тўлиғича рўзғор, дала, мол-ҳол, экин-тикинга бағишлаган, ўзини унутган, эллик ёшида қайноналик арафасида турса ҳам, саксон яшар қайнонаси олдида келинлик масъулиятини эсда тутиб, тик турган, куюнчак, ҳаёт ташвишларидан толган, маъюс кўзларида йиллар изтироби чўкиб ётган ожизадек кўринди.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Йилда икки бора пишириладиган ҳолва

Сафарим Қурбон ҳайитига тўғри келгани учун дашнободликларнинг ўзига хос анъаналари, айём билан боғлиқ урф-одатларини кузатиш, билмаганларимни ўрганиш насиб этди. Гап-сўзларга қулоқ солсам, қишлоқнинг ягона ҳолвапази шу маҳаллада яшаркан. Карантин сабаб бу йил Ҳайит намози ва сайиллар ўтказилмади. Йилда икки марта — Рамазон ва Қурбон ҳайити арафасида масжид атрофида мазали ҳолва тайёрлаб сотадиган аҳли оила бу гал ҳовлиси олдида савдо-сотиқ қиладиган бўлибди; бозорда сотишмас экан.

Ҳолва қандай тайёрланаркан, таърифлаганларича бормикан, деб жараённи кузатгим келди. Беш-олти хонадонни оралаб, ҳолвапаз амаки ҳовлисига етдим. Дарвоза олдида саҳни силлиқ столга тош-тарози қўйиб, қишлоқдошларига ҳолва кесиб бераётган хонадон соҳибини «Мана, машҳур ҳолвапазимиз!» деб кўрсатишди.

Пўлатвой ота неваралари билан бирга.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Етмишларни қоралаган Пўлатвой Турдиев авлоднинг тўртинчи вакили экан. Ўзидан кейинги бешинчи, олтинчи авлод ҳам шу ҳунар этагидан тутган. Рости, шу чоққача фақат кунжут ҳолвани билардим-у, дашнободликлар тайёрлайдиганини емаган эканман. Кунжутдан ташқари ёнғоқ, писта, бодом қўшилганлари ҳам бўларкан. Дарвоза олдида тик туриб еган бир бўлак ҳолва таъми ҳалиям оғзимда.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Пўлатвой отанинг айтишича, ҳайитдан уч-тўрт кун аввал 300—400 килограмм ҳолва пиширилиб, салқин хонада сақланади; агар яхши турса, бир неча ойлаб айнимаскан. Байрам куни қишлоқдошлар бир неча юз кило ҳолвани пешингача кўрдим демай, охиригача сотиб олишаркан. Фақат ҳайит арафасидагина тайёрланиб сотилиши қизиқ экан. Рўзғор, ками-кўст қандай тўлдирилишини сўрасам:

— Шукр, гектар-гектар еримиз, томорқамиз бор, — деди ота. — Олма, анор, картошка, пиёз, сабзидан даромадимиз ёмонмас. Карантиндаям бозоримиз синмади, ҳосил мўл бўлди. Ҳолвани эса ота мерос ҳунар бўлгани учун пиширамиз. Анъанамиз узилмасин, ҳунаримиз ўлмасин, деймиз. Тирикчилик деҳқончилик-у, боғдорчиликдан. Оғил тўла туёқ. Уйдан оқлиқ аримайди.

«Оқма газни Тожикистонга бериб, ўзимиз таппи ёқамиз»

Ҳолвапазникидан қайтаётганда қаторасига солинган уйларнинг лойсувоқ деворига катта-кичик шаклда ёпиштирилган таппиларга кўзим тушди. Бобо-бувимникига қишлоққа борганимда шундай манзарани кўп кўрардим. Демак, бу ерликларга ҳам таппи қилиш, қиш-қировни шугинага суяниб, амаллаб ўтказиш тақдир қилинган экан.

Қишга тайёргарлик.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Дугонамнинг онасидан қишлоқдан нега газ ўтмаганини сўрасам, тўлиб турган эканми, ҳасрат қилди:

— 2000 йили, Нозима туғилмасидан аввал оқма газ келувди. Икки йилча узилмади. Кейин Тожикистонга ўтказворишибди. Туман марказида ҳозир газ бор. Газ келгуничаям, ундан кейин ҳам таппи қилардик. Уч фасл таппи «ёпиш» билан ўтади. Узоқ ва тез ёнсин, ўчиб қолмасин деб, унга кўмир кукуни, қўй қумалоғини ҳам қўшамиз. Бир-икки йилдан бери қўй қумалоғини «баклажка»га босиб-босиб, бир четга олиб қўядиган бўлдик — қиш забтига олганда, печга ташлаб қўйсанг, секин ёниб, уйни илитиб туради. Таппини ғишт қолипида, товоқчаларда тайёрлаб, офтоб нурида қуритамиз. Қанийди газ, свет ўчмаса... Шунга энди қишда Тошкентдаги уйда яшаб, баҳорда қишлоққа қайтиб кетсакми, деб турибмиз. Лекин Тошкентда одам тез сиқилади...

Сўйилаётган жонлиққа — печак қанд?

Саҳармардонлаб ҳовлида гангир-гунгур овоз эшитилди. Қассоб келган экан. Қурбонлик маросими қизиқ, суратга олгулик воқеа, менимча. Тезда камерани созладим. Қассоб амаки қўйнинг оёғини боғлаб, оёқ тагига ётқизиб, «сўнгги манзил»га тайёрлаб бўлгач, уй эгаларидан оқ қанд ёки печак (парварда) сўради, жонлиқнинг оғзига солиб (ирими шунақа экан), «бисмилло» билан қўй бўғзига пичоқ тортди...

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Шу билан сўйилган қўй териси шилиниб, тани тозаланиб, гўшти овқат пишириш ва қўни-қўшнига тарқатиш учун тақсимланди.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Дарвоқе, гўштхўрлик бобида сурхондарёликлар қашқадарёлик «бўри»лар билан тенгма-тенг баҳслаша оларкан. Қарийб 40 килолик қўйни бир ўтиришда еб тамомлаш ҳеч гап эмас. Меҳмонлар учун ўчоқда уч-тўрт қозон гўшт қовурилди, камига шўрва тортилди. Меҳмонга келолмаган яқинларга «каталак» идишда (Қашқадарёда «бидонча» дейилади) шўрва олиб чиқишди. Буёғи «бор товоғим — кел товоғим».

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Кўчадаги дарахт меваси — халқники

Ҳайит ўтди. Келди-кетди тинди. Эртаси тонг саҳарда Феруза хола: «Бугун чоршанба, Нозима, тур. Дилруҳ апангни зиёратга обор, тожик чегарасиниям кўрсин. Ҳазрати Эшонбувага обор, офтоб ёйилса, одам сийраклашади, салқинда бора қолинглар. Эртага кетаман деяпти, ишларига улгурсин, Сариосиёга келгани беҳуда кетмасин», — деди қизига.

Қишлоқ барибир ажойиб, ҳар қадамда нуроний чеҳралар, сенга ҳайрат кўзи билан анграядиган оёқяланг болакайлар, гапга уста қўшнилар, айниқса, баланд-паст уйлар томи ортидан салобат билан турган пурвиқор тоғлар, кенгликлар, хом-у, пишиқ ғишт, пахса, тош, мармар, ҳатто ёғочдан қурилган уй(ча)лар, баъзан текис, баъзан ўнқир-чўнқир, чанг, шағалли кўчалар... ҳаммасига энтикиб-энтикиб термулиб, Ҳазрати Эшонбува зиёратгоҳига жўнадик.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Ариқларда сув ҳечам аримас, теварак ям-яшил, ҳовлиларда анор, маккажўхори, ошқовоқ, қовун-тарвуз, бақлажон, анжир, хурмо, гилос, узум каби мева-сабзавотнинг хили кўплигидан кўзим қувнади. Ҳатто кўчаларда ҳам мевали дарахтлар, айниқса, анорлар кўп ўсаркан, дугонамдан сўрасам: «Бу — беор дарахт, қаерга уруғи тушса, униб кетаверади. Халқнинг насибаси, ўтган-қайтган бемалол еяверади», деди.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Ёз келиши билан бошқа ҳудудлардагидек бу ерда ҳам узумни қушлардан, анорни қуёш тиғидан асраш учун қоғоз ёки матодан тикилган халтачалардан фойдаланишаркан.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Бир кунда қуриб битказилган зиёратгоҳ

Уйдан унча узоқ кетмадик. Дашнободликлар Ҳазрати Эшонбува деб номлаган зиёратгоҳга етдик. Зиёратгоҳнинг ўнг тарафида қишлоқ аҳли «сойлик» деб атайдиган, унча чуқур бўлмаган жар бор экан. Энди униб-ўсаётган ниҳоллар, ўн йиллик дарахтлар бир ён, турли-туман чиқиндилар бир ён турибди. Яна бир томонда катта чуқур майдон бўлиб, айтишларича, аввал ҳовуз бўлган экан.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

— Бир аёл шу ерда чўкиб ўлганидан кейин ҳовузда сув сақламай қўйишди, — дея савол бермасимдан гап бошлади дугонам. — Ўрнига дарахт экишди. Марҳумани эри қиморга тикиб, ютқазиб қўйгач, бошқага берганимдан кўра ўлдирганим яхши деб, сочига тош бойлаб, чўктирворган экан... Кейин ўзи анча йилга қамалиб кетган.

...Зиёратгоҳнинг 6—8 сотих чиқадиган ҳовлиси ва биноси яқинда таъмирланган, доим озода. Дуо ўқиб, тиловат қилдик. Уйга қайтиб, катта момодан сўрасам, бу жой уруш йиллари бир кунда қуриб, тикланган экан.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Зиёратимиз тугагач, дугонамнинг холаси ишлайдиган дўконга, Тожикистон чегарасига йўл олдик. Манзилга етказадиган йўловчи уловни топиш учун дарёнинг нариги тарафига қараб юрдик. Икки тарафи қуюқ дарахтзор оралаб кетавердик. Дарё анча саёз, бор-йўқлиги билинмайдиям. Баҳордагина тўлиб оқаркан.

Обизаранг дарёси — кўриб турганингиз тошлар баҳорда сув остида бўлади.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Йўналишли машинада Шоқишлоқдан унча узоқ бўлмаган Тожикистон чегарасига етиб келдик. Пост ёнида бир қатор дўконлар ва таксилар тураргоҳи бор, дугонамнинг холаси ҳам ўша ерда сотувчи экан.

Ўнг томонда — Тожикистон, чап томонда — Тожикистонга элтувчи таксилар.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Дўконга киргач, хола билан салом-алик қилиб, бироз суҳбатлашдик. Бизни ёғлиққина чалоп (айрон) билан сийлади.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

У ерда кўп бўлмай, Узун туманидаги Оқ остона бобо ёдгорлик мажмуасига йўл олдик. Бунинг учун аввал Сариосиёдан Узунга, кейин зиёратгоҳга алоҳида машинада борилар экан.

«Шу безакни кўриш учун атай хориждан келишади»

Узун туманининг маҳаллий аҳолиси тилида «мост-кўприк» деб аталадиган «стоянка»си ва унинг олдидаги бозор доимгидек гавжум. Темир йўл устидан ўтган пиёдалар кўпригининг ҳар икки томонида таксилар ва турли савдо расталари, салқин ичимликлар (морс, айрон, ўрик шарбати), дам олиш жойлари ва ошхоналар бор. Куннинг ўртаси, қуёш тиккага келган, жазирама авжида, ҳаёт тинмай қайнайди. Ҳаммол ҳаммоллиги билан, савдогар савдоси билан, тиланчи ўз «юмуши» билан андармон.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Энди Оқ остона бобони дараклаб кетдик.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Узунликлар Телпакчинор қишлоғидаги Оқ остона бобо мақбарасини Муҳаммад алайҳиссаломнинг яқин саҳобаларидан Абу Ҳурайранинг қадамжоси сифатида улуғлар экан. Ҳақиқатанам, мақбара ичида ҳеч қандай қабр йўқ, лекин қабр тоши бор. Бу кенотаф — майитсиз дафн этиш усули бўлиб, тош ёдгорлик Ислом дини тарғиботчисининг номи билан аталар экан. Ривоятларга кўра, ушбу мақбара ҳам бир кеча-кундузда (тахминан, Х аср охири — XI асрнинг бошларида) бунёд этилган.

Мақбаранинг ички қисмида ўрнатилган катта таёқни кўриб, нима маъно англатишини билолмай, атрофга аланглаб турсам, «Қани, ким расмга оляпти, қайси биринг?», дея дўппили, басавлат амаки келиб қолди. Ўзини «шу ерларнинг каттаси» деб таништирган бу киши тарихчи олим Рустамхон Раҳмонов экан.

— Қани, энажон, нима саволингга жавоб излаяпсан? — деди.

— Мақбара ичкарисидаги мана бу таёқ ниманинг рамзи? — сўрадим аста.

— Бу таёқнинг, онам, кўп маъноси бор. Лекин китобларда ўқиб, ривоятларда эшитишимча, таёқ Ислом дини учун қурайшлар билан курашган дарвешлар ҳассасининг рамзи. Ҳассадаги беш бармоқ шакли исломнинг беш устуни (иймон келтирмоқ, намозни қоим қилмоқ, закотни адо қилмоқ, йўлга қодир одамларнинг Ҳаж қилмоғи, Рамазон ойининг рўзасини тутмоқ)га ишора. Лекин бу аниқ ва қатъий хулоса эмас, шунчаки тахмин, холос.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

— Мана бу безак-чи, илонга ўхшарканми? — дейман яна.

— Шундай. Илон кулча бўлиб ётибди. Қирраси еттита. Етти хосиятли рақам. Аслида бу безакнинг етмиш маъноси бор. Ўзбекистондаги бирор зиёратгоҳда бунақа сирли безак туширилган ёдгорликни тополмайсан. Биргина шу тасвирнинг маъносини топиш учун юзлаб олим изланган, ҳалигача хорижликларнинг қадами узилмайди. Шугинани кўришга атайин узоқ-узоқдан келишади.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Мақбарадан чиқиб, қабристон орасидаги чиллахонага ўтдик. Чиллахона қоровули ичкарида еттита ҳужра бор, деди. Қўлимдаги камерани эҳтиётлаганим учун чиллахона охиригача киролмадим. Айтишларича, қоп-қоронғи чиллахонанинг охирига бирор чироқ-шамсиз етолган киши бегуноҳ ва қалби пок ҳисобланаркан. Ҳозир ҳужралардан учтаси очиқ, ундан нариси ёпиқ экан. Миш-мишларга кўра, чиллахона охирига етиб борсангиз, ё Афғонистон, ё Самарқанддан чиқиб қоларкансиз.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Шу билан шафақ қизариб, шом ғира-шираси бошлангач, Сурхондарёга саёҳатим тугади. Тоғли ва қишлоқ ҳудудларида тонг отиши ва кун ботиши шаҳарларникидан анча жозибали, бетакрор. У ерларнинг осмони тиниқ, булути кўп, уфқи ҳам мутлақ бўлак. Энг муҳими, қулоғингизни машина шовқини, парма товуши, бурнингизни газ ва чанг ҳиди тўлдирмайди. Ўпкангизни тўлдириб, бемалол қўрқмай нафас олаверасиз.

Ичимни аллақандай энтикиш, ширин ҳислар тўлдириб, истаб-истамай саёҳатни якунладим. Лекин Сурхондарёнинг мен кўрмаган, билмаган, эшитмаган мўъжизалари кўп. Ҳали бир кун яна қайтиб, бутун гўзалликларини кўргим, камерамга муҳрлагим бор. Шу ният билан ортга қайтдим...

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Муаллиф:Дилруҳ Исомиддинова