«Янги Ўзбекистон» боғида бўлиб ўтаётган байрам тадбирида нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев Афғонистондаги вазиятга ҳам тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири маълум қилди.

«Сўнгги кунларда ён қўшнимиз Афғонистонда юз бераётган воқеаларни ҳаммамиз ташвиш билан кузатиб турибмиз. Биз бу мамлакатда тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши тарафдоримиз.

Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашда кўприк вазифасини бажара олишига ишонамиз.

Афғонистон билан алоқаларимизда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ички ишларга аралашмаслик тамойилларига содиқ қоламиз.

Ушбу мамлакатда ҳокимият транзити халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган меъёрларини инобатга олган ҳолда, миллий келишув асосида тинч йўл билан амалга оширилиши ўта муҳим, деб ҳисоблаймиз», – дейди давлат раҳбари.

Бундан ташқари Президент Ўзбекистоннинг турли халқаро ташкилотлардаги фаолияти ҳақида сўз юритди.

«Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби халқаро тузилмалар билан алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичда давом эттирилмоқда. 2019 йилда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига тўла ҳуқуқли аъзо бўлдик. Бу мамлакатимиз учун халқаро майдонда янги иқтисодий, сиёсий ва маданий имкониятлар очиб берди.

Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқи билан кузатувчи давлат мақомида қисқа даврда самарали алоқаларни йўлга қўйишга эришди. 2020 йилда мамлакатимиз илк бор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилди. Бу давр пандемия шароитида ўтганига қарамасдан, Ўзбекистоннинг бу борадаги фаолияти муваффақиятли ташкил этилди ва юқори баҳоланди.

Бу йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти раислигини қабул қилиб оламиз ва унинг келгуси йили ўтадиган Саммитига пухта тайёргарлик кўряпмиз», – дейди Шавкат Мирзиёев.