COVID-19 ни келтириб чиқарувчи SARS-CoV-2 коронавируси ҳар ҳафта, яъни илгари ўйлангандан икки баравар кўп мутацияга учрайди. Буюк Британиянинг Бат ва Эдинбург университетлари генетиклари томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари шундан далолат бермоқда.

Фото: Getty Images

Тадқиқот муаллифларининг аниқлашича, шу пайтгача коронавирусни ўрганаётган тадқиқотчилар кўплаб мутацияларни пайқамаган, улар янги штаммларнинг пайдо бўлиш тезлигини баҳолашда секвенланмаган ва ҳисобга олинмаган. Муаллифларнинг фикрича, кўпинча юз берган мутация вируснинг ўзига зарар етказиб, унинг яшаб қолиш имкониятини пасайтирувчи «салбий селексия» намуналарига эътибор берилмаган. Аксарият олимлар диққатини янги штамм аввалгисидан кучлироқ бўлган, масалан, юқумлироқ дельта штаммининг ижобий селексия намуналарига қаратган.

«Тадқиқот шуни кўрсатдики, агар инсон COVID-19 билан бир неча ҳафтадан зиёд оғриса, вирус унинг организмида мутацияга учраши мумкин», — дейди тадқиқот муаллифларидан бири, профессор Лоренс Херст.

У коронавируснинг алфа штамми узоқ вақт даволанган инсон танасида пайдо бўлганини эслатиб ўтди. Таъкидланишича, бу COVID-19 нинг оғир шаклига чалинганлар изоляцияда бўлиши зарурлигини тасдиқлайди.

Тадқиқотни Бат университетининг Милнер эволюция маркази ва Эдинбург университети тиббий тадқиқотлар кенгашининг инсон генетикаси бўлими ходимлари олиб борган. Уларнинг натижалари Genome Biology and Evolution’да чоп этилган.

Аввалроқ британиялик олимлар ўлим даражаси 35 фоиз бўлган янги коронавирус штамми пайдо бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирганди. Шунингдек, Финляндия соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш миллий институти олимлари COVID-19’га чалинган одамларда антитаналар бир йилдан узоқ сақланиб қолиши мумкинлигини аниқлаган.