Амал қилиш орқали бир неча ҳафта давомида 8 килогача вазн ташлаш мумкин бўлган машҳур японча парҳез ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Фото: Getty Images

Японча парҳез нима ўзи?

Таъкидлаш жоизки, японларнинг ўзи рационини парҳезбоп деб ҳисобламайди. Бу улар учун шунчаки соғлом ва ёш қолишга ёрдам берадиган (статистика маълумотларга кўра, Япония энг узоқ умр кўриш бўйича етакчи ҳисобланади ва семиришдан азият чекадиган аёллар сезиларли даражада кам) овқатланиш тизими холос. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, японча парҳез бу барча учун севимли бўлган суши, денгиз маҳсулотлари ва соуслар эмас, соғлом ва балансли овқатланиш демакдир.

Барча таомлар асосида оқсил бўлади, шунингдек, гўшт ва сут маҳсулотлари рациондан ўрин олмайди. Қолаверса, японлар ширинликларни деярли истеъмол қилмайди, бунинг ўрнига мевалар тановул қилишни афзал билади. Умуман олганда ушбу миллат вакиллари таом ва овқатланишга ўзгача ёндашади: егуликлар чиройли идишларга солинади, дастурхон дид билан безатилади, овқатлар порцияси кам, мевалар ҳам фақат барра бўлади. Аксари таомлар буғда пиширилади.

Фото: Elle

Қайси маҳсулотларни истеъмол қилиш мумкин?

Гуруч

Унча кўп бўлмаган миқдордаги гуручни ҳатто нонуштага ҳам истеъмол қилса бўлади. Таркибида ёғ кам бўлган ушбу маҳсулотда тўқлик ҳамда очлик ҳиссини йўқ қилишга жавоб берадиган углеводлар бисёр бўлади. Эътибордан қочирмаслик керак бўлган жиҳати — японлар гуручни ўсимлик ёғи ва сариёғсиз тайёрлайди.

Балиқ

Лосос, тунец, форел, сардина сингари ёғли балиқлар истеъмол қилиш канда қилинмайди. Ушбу маҳсулот таркибидаги oмега-3 ёғ кислотаси суяклар ва юрак-қон томир тизими аҳволи, мия фаолиятини яхшилайди.

Сабзавотлар

Японлар рационини сабзавотларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳеч бир тановул аксарият ҳолларда сувда димланадиган 4-5 хил сабзавотли таомсиз бўлмайди.

Тухум

Тухум таркибидаги тўйинмаган ёғ кислоталари организмдаги тўпланган ёғларни бартараф қилишга ёрдам беради.

Кўк чой

Кўк чой организмдан заҳарли моддалар ва шлакларни чиқаришдан ташқари, артериал қон босимни меъёрлаштиради ва яллиғланиш жараёнларини тўхтатади. Аммо истеъмол борасида меъёрни билиш муҳим саналади — кун давомида 1,5 литрдан кўп ичмаслик керак.

Японча парҳезга хос қоидалар

  • Парҳез даврида туз ва шакардан воз кечиш керак.
  • Очлик ҳиссини 80 фоизга қондириш учун таомлар кам порцияда (тахминан 200 грамм таом) дастурхонга тортилади («Оч қолганингдагина овқатлан», дейди японлар).
  • Ёғ ва қовуриш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, таомларни фақат буғда ёки димлаб пишириш мумкин.
  • Кун давомидаги одатий 5-6 марта овқатланишни 3 марта тановул қилишга қисқартириш керак. Орада тамадди қилишни эсдан чиқариш керак.
  • Кун давомида камида 1,5 литр сув ичиш керак.

Натижа

Японча парҳез 14 кунга мўлжалланган. Углеводларнинг сезиларли даражада камайиши ва оқсилларнинг мўл-кўллиги ҳисобига ушбу вақт давомида камида 5 кило вазн ташлаш мумкин бўлади.

Кимларга мумкин эмас?

Ҳомиладор аёлларга, буйрак ва жигар касалликлари, гастрит, ошқозон яраси ҳамда юрак билан боғлиқ муаммолардан азият чекадиган кишиларга ушбу парҳезга амал қилиш тавсия қилинмайди.