Қўқон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Н. жиноят устида қўлга олинди, дея хабар қилди «Xabar.uz».

Унга кўра, мансабдор Қўқон минтақавий темир йўл узели молия бўлими бошлиғи ўринбосари О.М. билан бирга ушланган.

Маълум қилинишича, икки мансабдор жиноий тил бириктириб, бир тадбиркорга мазкур темир йўл узели балансида бўлган 2,5 гектар ер майдонидаги бино ва иншоотлар бўйича ўтказиладиган аукцион савдоларда унинг фойдасига қарор чиқартириб бериш эвазига 180 000 АҚШ доллари талаб қилган.

Талаб қилган пулдан 10 минг долларини олаётган пайтда улар тегишли органларнинг тезкор ходимлари томонидан қўлга олинди.

Айни пайтда уларга нисбатан фирибгарлик ва пора беришга қасд қилиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган. Дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Шаҳар ҳокимлигининг сайтида ҳокимнинг биринчи ўринбосари Абдуҳалилжон Нурматов экани ва у ушбу лавозимга 2021 йили тайинлангани қайд этилган.

«Дарё» сўровига жавобан Бош прокуратура бу ҳақда маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.

Бундан аввал Самарқандда фуқарони 17 минг доллар эвазига магистратурага киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушлангани, Бўстонлиқда боғдорчилик учун ажратилган 16 гектар ерни 5 миллион долларга сотишга уринган шахслар қўлга олингани ҳамда Тошкентда 186 доза ўзбек-хитой вакцинасини 27 миллион сўмга сотишга уринган ҳамшира ва унинг шериги қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.