Қирғизистонда ҳарбий хизматчиларда ножўя таъсирлар аниқланганидан кейин тақиқланган коронавирусга қарши AstraZeneca вакцинасидан фойдаланиш қайта бошланди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
«AstraZeneca вакцинасидан фойдаланиш Республика бўйича 9 августдан қайта бошланади. Иммунизациядан кейин кузатилган барча ножўя таъсирлар жиддий бўлмаган хусусиятга эга, улар вакцинацияга хос бўлиб, 12-24 соат ичида ўтиб кетади», — дейилади вазирлик хабарида.
Мутахассислар маълумотларига кўра, Жалолобод вилоятидаги Ола-Буқа қишлоғида жойлашган ҳарбий қисмнинг 56 нафар ҳарбий хизматчиси 5 августдан буён тиббий кузатув остида бўлган, ҳозирда уларнинг аҳволи қониқарли.
«Ҳарбий хизматчилар кейинги кузатувларни ўтказиш учун тиббий қисмга юборилди. Вакцина киритилганидан кейин одатда пайдо бўладиган клиник симптомлар (39 даражадан юқори гипертермия, бош оғриғи) организмнинг вакцинага реакцияси сифатида баҳоланди. Сабаблар ёшларнинг саросимали ҳолати (қўрқув, нотинчлик) билан боғлиқ», — дея қайд этилади вазирлик хабарида.
6 август куни Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ножўя таъсирлар аниқланганидан кейин АBХ 3117 серияли AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни тўхтатиб қўйган эди.
Эслатиб ўтамиз, дунёда AstraZeneca вакцинаси орқали оммавий эмлашлар бошланганидан сўнг вакцинани қабул қилганлар орасида касалхонага ётқизиш ва ўлим ҳолатлари кузатила бошлади. Ўлим ҳолатини ўрганган шифокорлар ушбу дори билан эмланганларда тромблар ҳосил бўлганини аниқлади.
Шундан сўнг бир қатор мамлакатлар препаратдан фойдаланишни тўхтатиб қўйди. Хусусан, Германия, Франция, Италия, Испания, Словения, Португалия, Кипр, Нидерландия, Австрия, Дания, Эстония, Латвия, Литва, Болгария, Ирландия, Люксембург, Норвегия ва Исландия, шунингдек, Европадан ташқаридаги Индонезия, Конго ва Жанубий Африка мамлакатларида мазкур вакцинадан фойдаланиш тўхтатилган.
Ўша пайтларда (март ўрталарида) Қирғизистон COVAX дастури доирасида мамлакатга коронавирусга қарши AstraZeneca вакцинанинг етказиб берилиши масаласини кўриб чиқишни тўхтатган, бунга баъзи юридик масалалар тўсқинлик қилаётгани айтилган эди. Июль ўрталарида мамлакатда Озарбайжондан гуманитар ёрдам сифатида 40 минг дозада AstraZeneca вакцинаси қабул қилиб олинди, июль охирларида эса COVAX дастури орқали шу вакцинадан яна 226 мингдан ортиқ доза олиб келинди.
ЖССТ AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни тўхтатишга сабаб кўрмаётганини маълум қилди. Кейинроқ AstraZeneca эмлашнинг ножўя таъсири тўғрисидаги хабарларга жавоб берди. Ўзбекистонда эса ушбу вакцинадан фойдаланиш давом этиши маълум қилинди. Вакцина 17 март куни Тошкент халқаро аэропортига олиб келинди.