Бундан роппа-роса бир йил олдин, 2020 йил 4 августда, Ливандаги Байрут портида кучли портлаш содир бўлди. Ушбу портлаш инсоният тарихидаги энг даҳшатли саноат фалокатларидан бирига айланди. Ливан портидаги омборда 2014 йилдан бери сақлаб келинган аммиак селитраси портлаган. Селитра юк кемасидан мусодара қилиб олинган маҳсулот эди. Портлаш шунчалик кучли бўлдики, бутун дунёдаги сейсмик станциялар уни 3,3 магнитудали зилзила сифатида қайд этди, унинг гумбурлаган овози 250 километр нарида, Кипрда эшитилди. Ҳодиса оқибатида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, минглаб одамлар оғир жароҳат олди. Ливан пойтахтининг инфратузилмасига етказилган зарар миллиардлаб долларга баҳоланди.

Ливан портлашдан олдин ҳам чуқур иқтисодий инқирозга учраган эди (Жаҳон банки бу инқирозни XIX аср ўрталаридан бери дунёдаги энг жиддий ўнталикка киритди) — порт фожиаси эса инқирозни бир неча бор кучайтирди. Миллий валюта тез қадрсизланаётгани сабаб асосий маҳсулотларни сотиб олишнинг ҳам иложи бўлмай қолди, дорихоналарда дори-дармонлар, ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин, розеткаларда электр энергияси етишмаяпти. Бундан ташқари, портлашдан кейин Ливан аслини олганда ҳукуматсиз яшаб келмоқда. «Омадсиз давлат» мақомига тезлик билан яқинлашиб бораётган Яқин Шарқ мамлакатида сўнгги йил қандай ўтгани ҳақида Meduza фотомақола тайёрлади.

2020 йил 4 августдаги портлашдан кейин Байрут портининг кўриниши. Порт атрофидаги ҳудуд деярли бутунлай вайрон бўлган ва ҳалигача тикланмаган. Оқибатларни бартараф этиш чоғида бир нечта ўт ўчирувчилар ҳалок бўлди.

Фото: The Washington Post

1860 йилда қурилган тарихий бино ва санъат музейи — Сурсок саройининг ички қисми. У порт яқинидаги Ашрафие туманида жойлашган ва портлашдан жуда жиддий зарар кўрган. 2020 йил 8 август.

Фото: AP Photo

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш операцияси иштирокчиси, портлаш воқеасида жароҳатланган йигит Авлиё Георгия касалхонасининг деразасидан Байрут портига қараб турибди. Давлат хизматлари шаҳарни вайроналар ва қолдиқлардан мустақил равишда тозалай олмади, шунинг учун кўплаб кўнгиллилар уларга ёрдамга келди. 2020 йил, 13 август.

Фото: Getty Images

Портда портлаш содир бўлган пайтда соат 18:00 дан ўтганини кўрсатиб, тўхтаб қолган Байрутдаги уйнинг деворидаги соат. 2020 йил 11 август

Фото: Getty Images

Портлаш оқибатида вайрон бўлган Байрут портидаги омборхона қолдиқлари. Портлашга қадар порт мамлакат импортининг 60 фоизгача бўлган қисмини қабул қиларди, бу чет эл таъминотига муҳтож барча соҳаларни қамраб олади. Омбор эса бутун миллий дон захирасининг 85 фоизини ўз ичига сиғдира оларди. Унинг вайрон бўлиши туфайли Ливан ўткир озиқ-овқат инқирозини бошдан кечирмоқда. Суратдан кўриш мумкинки, портнинг ҳозирги ҳолати унинг бир йил аввалги портлашдан кейинги ҳолати билан деярли бир хил. 2021 йил, 14 июль.

Фото: AFP

Байрутдаги портлашдан олти ўй ўтгач, ҳодиса жойи шундай кўринишда эди. 2021 йил 13 январь.

Фото: Reuters

Портлашнинг номаълум қурбонлари шарафига Байрутдаги бино деворига чизилган расм. Асар муаллифи рассом Бреди Блек. Ҳодисада ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги қочқинлар ва бошқа мамлакатлардан келган муҳожирлар эди. Айримларининг исмлари ҳозиргача номаълум. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра жабрланган, лекин тирик қолган муҳожирлар мамлакат ҳукумати томонидан ҳеч қандай ёрдам олмаган. 2021 йил 4 май.

Фото: Scanpix

Портлаш қурбонларидан бирининг портретини кўтариб олган аёл портлаш бўйича олиб борилаётган терговдан судья Фади Саваннинг четлатилишига қарши пикетда. Ливан кассация суди Саванни 2021 йилнинг февралида истеъфодаги икки ҳукумат вазирининг шикояти бўйича ишдан бўшатди. Судья вазирларни жиноий ҳаракатсизликда айблаганди. 2021 йил 19 февраль.

Фото: Reuters

Нон нархининг кўтарилишига қарши митингга чиққан намойишчилардан бири. Мамлакат гиперинфляция ҳолатида, асосий озиқ-овқатлар, ҳатто ҳукумат томонидан субсидияланадиган маҳсулотларнинг нархи ҳам кескин ошган. 2021 йил 2 март

Фото: Getty Images

Бекаа водийси аҳолиси гашиш тайёрламоқда. Бекаа — мамлакат шарқидаги қишлоқ хўжалиги ҳудуди. Ливан миллий валютаси бир йилда деярли ўн баробарга қадрсизланди. Ёқилғи, уруғлар ва ўғитлар эса, ҳатто Ливандаги портлашдан олдин ҳам, деярли бутунлай импортга боғлиқ бўлган, халқаро бозорда уларни долларга сотиб олиш керак. Ливан деҳқонлари даромадлироқ ҳосил — каннабис етиштиришни бошлашга мажбур бўлди. 2021 йил, 29 март.

Foto: AFP

Байрут кўчаларидаги чиқиндиларни йиғаётган болалар. Ҳатто портлашдан олдин ҳам Ливан аҳолисининг деярли тўртдан бир қисмини Фаластин, Сурия ва Ироқдан келган қочқинлар ташкил қиларди. Портлашдан кейин ливанликларнинг ўзларидан ҳам 300 минг киши уйсиз қолди. BBC хабарига кўра, баъзи ливанликлар қочқинлар лагерларига кўчишга мажбур, чунки уларнинг бошқа яшаш жойи йўқ. 2021 йил, 12 апрель

Фото: AP Photo

Ливан собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририй номидаги Байрут университети касалхонасининг реанимация бўлимида ибодат қилаётган ҳамшира. Ҳаририй унга қарши уюштирилган суиқасд туфайли вафот этган. Мамлакатда, айниқса коронавирус пандемияси фонида ўта зарур бўлган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг кескин танқислиги кузатилмоқда. 2021 йил 15 январь.

Фото: Getty Images

Байрутдаги бузилган банкомат. Портлашдан олдин ҳам Ливан кескин иқтисодий инқирозга учраганди, шу сабабли Ливан банклари ликвидлик тақчиллигини бошдан кечирди. Миллий валюта — Ливан фунти АҚШ долларига қатъий белгиланган курс бўйича боғланган, лекин бу курс билан долларни фунтга алмаштириб бўлмайди, қора бозордаги курс эса доимий равишда ўсиб бормоқда. Кўпгина банклар нақд пул беришни тўхтатиб, ўз филиалларини ёпиб қўйган. 2021 йил 17 март.

Фото: Reuters

Байрутдаги ёқилғи қуйиш шохобчасида навбатда турган машиналар. Ёқилғи ҳам жиддий танқисликда. 2021 йил, 11 июнь.

Фото: AFP

Ливанлик талабалар ўқиш нархининг кўтарилишига қарши норозилик билдирмоқда. Декабрга қадар ўқиш нархи бир АҚШ доллари учун расмий 1500 фунтга тенг эди, лекин баъзи университетлар миллий валютанинг кескин пасайиши муносабати билан ўз тарифларини қайта кўриб чиқди. Бу эса ўқиш нархини икки баробарга оширди, натижада таълим кўплаб талабалар қурби етмайдиган ҳашамга айланди. Намойишчилар полиция томонидан зўрлик билан тарқатилган. 2020 йил 29 декабрь.

Фото: Reuters

Полиция вақтинча ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Муҳаммад Фаҳми қароргоҳи олдида митинг уюштирган намойишчиларга қарши кўзни ёшлантирувчи газ қўлламоқда. Фаҳми ишлаган ҳукумат портлашдан сўнг дарҳол истеъфога чиққан, аммо ҳалигача янги ҳукумат тайинланмагани учун собиқ вазирлар ўз лавозимларида қолмоқда. Фаҳми портлаш иши бўйича текширув олиб бораётган катта терговчига Давлат хавфсизлиги раҳбари Аббос Иброҳимни сўроқ қилишни тақиқлаган. Ҳозирга қадар Ливанда бирорта ҳам юқори мартабали амалдор бу иш бўйича жавобгарликка тортилмаган. 13 июль, 2021 йил.

Фото: Reuters

Балиқчилар Байрут портидаги «Кабутар қоялари»да балиқ овлашга кетмоқда. Инқироздан олдин улар бир килограмм балиқ учун 10 минг фунт олган, ўшанда расмий курс бўйича бир доллар бир ярим минг фунтга тенг эди. Ҳозир улар бир килограмм балиқ учун 25 минг фунт олади, лекин қора бозорда бир доллар камида 18 минг туради. Энди қайиқларни таъмирлайдиган ҳеч нарса йўқ, ёнилғи қуйиш шохобчаларида қайиқларга ёқилғи ҳам йўқ. 2021 йил 26 июнь.

Фото: Scanpix

Бутун Байрутда бу сафар ҳам чироқ ўчган, ҳатто Electricite du Liban миллий энергетика компанияси штаб-квартирасида ҳам биринчилардан бўлиб чироқ йўқ. Мамлакат бюджетидаги маблағ электр станциялари учун чет элдан ёқилғи сотиб олишга етмаяпти. Хорижий донорлар эса Ливан ҳукумати коррупцияга қарши кенг кўламли ислоҳотлар ўтказмагунча, молиявий ёрдам беришдан бош тортмоқда. 2021 йил 3 апрель.

Фото: AFP

Байрутда яшовчи эркак шам ёруғида чекиб ўтирибди. 2021 йил июль ойида ёқилғи сотиб олиш учун маблағ етишмаслиги сабабли мамлакатдаги энг йирик электр станцияларидан бири бир неча кунга ёпилди. 2021 йил 10 июль.

Фото: AFP

Байрут портидаги портлаш қурбонлари хотирасига ливанлик меъмор Надим Карам ясаган «Жест» ҳайкали. 2021 йил 2 август.

Фото: Reuters