Бокс бўйича +91 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Баҳодир Жалолов Токио—2020 Олимпиадаси ярим финалида Буюк Британия вакили Фрэйзер Кларкни мағлуб этиб, финалга чиқди.

Фото: Getty Images

Токио—2020 Олимпиадаси финалида Баҳодирга америкалик Ричард Торрес рақиб бўлади. АҚШ вакили ярим финалда қозоғистонлик Камшибек Кункабаевни мағлубиятга учратди.

Қайд этиш керак, Жалолов учун Ричард Торрес бегона эмас. Бу икки боксчи 2019 йил Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтган Жаҳон чемпионати чорак финалида тўқнаш келганди. Унда Баҳодир рақибини биринчи раундда чуқур нокаутга учратиб, ғалабага эришганди.

Баҳодир Жалолов ва Ричард Торрес ўртасидаги жанг Олимпиаданинг сўнгги куни 8 августда бўлиб ўтади.