Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Россияга кетган ўзбекистонликларнинг ижтимоий тармоқлар орқали «Бизни қул қилиб сотиб юборганмисизлар?» деб қилган видеомурожаати юзасидан Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ўрганиш олиб борилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Қўмита томонидан ушбу масала юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига сўров ҳам юборилганди.

Кадр: Видеодан скриншот

Кадр: Видеодан скриншот

Ўрганиш натижалари ҳамда олинган маълумотларга кўра, қўмита қуйидагиларни маълум қилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Россиянинг Карачаево–Черкесия республикасидаги «Южний агрокомбинат» АЖ ўртасида 2021 йил 14 июнь куни келишув шартномаси имзоланган. Шартнома шартларига мувофиқ, 400 нафар фуқаро қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаши учун иш берувчи томонидан танлаб олиниши, ишга жалб қилиниши ва уларинг ойлик маошлари 33 минг рублдан 50 минг рублгача ташкил этиши белгиланган.

Фуқароларнинг авиачипта ва ҳужжатларни расмийлаштириш (патент) харажатлари иш берувчи ҳисобидан тўланган, ушбу харажатлар кейинчалик фуқароларнинг ойлик маошларидан қисман ушлаб қолиниши, фуқаролар 1 йил ишласа, ушлаб қолинган харажатлар иш берувчи томонидан тўлиқ қоплаб берилишига келишилган.

2021 йилнинг 16 июнь куни иш берувчи ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Андижон вилояти филиали томонидан танлов ўтказилиб, 150 нафар фуқаро танлаб олинган ҳамда 23 июнь куни 63 нафари, 29 июнь куни 22 нафари, 4 июль куни 16 нафари ва 5 июль куни 42 нафари «Южний агрокомбинат»га меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилган.

Фуқаролар иш жойига етиб борганидан сўнг, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига телефон орқали меҳнат ва яшаш шароитлари ноқулайлиги ҳамда паспорт ҳужжатлари иш берувчи томонидан олиб қўйилгани тўғрисида бир қатор мурожаатлар келиб тушган.

Шу сабабли, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи ўринбосари бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, 2021 йилнинг 14 июль куни Россияга учиб борган ва мазкур корхонада бўлган.

Ишчи гуруҳ корхона раҳбарияти ва фуқаролар билан учрашиб, уларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалар бўйича музокара олиб борди.

Иш берувчи фуқароларнинг паспортлари миграцион қайдга қўйиш ва ишлаш учун патент расмийлаштириш мақсадида олингани ҳамда фуқароларнинг биринчи талаби билан қайтариб берилиши маълум қилинди.

Корхона раҳбари ўзбекистонлик ишчилар билан меҳнат муносабатларини қонунга мувофиқ расмийлаштириши, барча шароитларни яратиб бериши ҳамда бугунги кунда яна 500 нафар қўшимча ишчи кучи жалб қилиш режаси борлигини маълум қилган.

Ҳозирги кунда мазкур корхонада 155 нафар Ўзбекистон фуқаролари меҳнат фаолиятини амалга ошираётгани, шундан 46 нафари 2019 йилдан буён Самарқанд вилоятидан келиб ишлаётгани ва 109 нафари Андижон вилоятидан 2021 йил июль ойида келгани маълум қилинди.

Ишчи гуруҳ корхона раҳбарияти билан Ўзбекистон фуқароларининг яшаш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, ойлик маошларини ўз вақтида тўлаб бериш ҳамда ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини тезлаштириш бўйича келишув далолатномасини расмийлаштирган.

Корхонада ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига ушбу келишувнинг мазмун-моҳияти, ойлик маошларини тўлаш тартиби, иш вақти ва ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнлари тушунтирилган. Жумладан, фуқаролар видеомурожаатида айтиб ўтилган 125–130 рубль миқдоридаги маош бир кунлик эмас, балки бир соатлик иш ҳақи экани маълум қилинган.

Шунингдек, юқорида қайд этилган видеомурожаат бир соатга тўланадиган иш ҳақи бир кунга берилади деб, нотўғри тушуниш оқибатида 2021 йилнинг 15 июль куни, яъни мурожаат ёзган фуқаролар иш бошлаган биринчи кунида олингани маълум бўлган.

Бугунги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва унинг Россиядаги ваколатхонаси томонидан ушбу корхонада фаолият олиб бораётган фуқаролар билан мунтазам равишда алоқа ўрнатилиб, уларнинг яшаш ва ишлаш шароитлари доимий назоратга олинган, 2021 йил 29 июль куни корхонага такроран ишчи гуруҳ хизмат сафарига юборилган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда юқоридаги видеомурожаат жойлаштирилганидан бир кун ўтиб унинг муаллифи Н.Назиров томонидан мурожаатдаги важлар асоссизлиги ва англашилмовчиликлар бўлгани тўғрисидаги мурожаат ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар