«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш борасида, Харидлар департаменти томонидан тизимда харидларнинг шаффофлигини таъминлаш ва соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан амалга оширилаётган харидлар бўйича эълонлар, барча керакли маълумотлар ва натижалар бир вақтнинг ўзида, бир нечта махсус ахборот порталида, яъни exarid.uzex.uz, tenderweek.com ҳамда жамиятнинг расмий сайти ung.uz’да мунтазам равишда жойлаштирилиб борилмоқда.

Жорий йилда амалга оширилган харидлар натижасида ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида, қудуқларни бурғилаш ва капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун (республикада ишлаб чиқарилмайдиган) дунёнинг илғор ишлаб чиқарувчи заводлари билан 50,0 минг тоннага яқин мустаҳкамловчи металл қувурлар, 1 320 дона бурғилаш долоталари, 10,0 минг тоннадан ортиқ чоксиз қувурлар, 100 донадан ортиқ қудуқ устки жиҳозлари (фонтанная арматура) етказиб бериш бўйича шарномалар расмийлаштирилди.

Бугунги кунга қадар мустаҳкамловчи металл қувурларнинг қарийб 20,0 минг тоннаси, бурғилаш долоталарининг 600,0 донаси, чоксиз қувурларнинг 3,5 минг тоннаси ва қудуқ устки жиҳозларининг 60,0 донадан ортиғи ишлаб чиқариш объектларига етказиб берилиб, қолган қисми бўйича ишлаб чиқариш ва логистика ишлари давом этмоқда.

Юқоридаги харидларда етказиб берувчи корхоналар билан олиб борилган музокаралар натижасида қарийб 8,0 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча чегирмалар (скидка) олиниб, жамиятнинг валюта маблағлари иқтисод қилинишига эришилди. Мазкур кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 30 фоиздан кўпроқни ташкил этади.

Бундан ташқари, харидлар биринчи навбатда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар имкониятлари чуқур таҳлил қилинган ҳолда ягона электрон кооперацион портали орқали амалга оширилади.

Мазкур портал орқали жорий йилнинг 1 июль ҳолатига, 1 527 та қиймати 238,5 миллиард сўмлик шартномалар расмийлаштирилган.

2021 йил 23 июлдан бошлаб кучга кирган Ўзбекистон Республикаси «Давлат харидлари тўғрисида»ги ЎРҚ 684-сон қонунида белгиланган асосий принциплар — давлат буюртмачисининг касбий маҳорати, асосланганлик, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлик ва самарадорлик, тортишув ва холислик, давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлиги, коррупцияга йўл қўймаслик каби талаблардан чиқмаган ҳолда харид жараёнлари ташкил қилинмоқда.

Хусусан, харид жараёнларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни жалб қилиш ҳамда уларда инсон омили таъсирига йўл қўймаслик мақсадида, харидларни электрон шаклда ўтказиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Қонунга мувофиқ, умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 000 бараваригача бўлган харидлар электрон шаклда, яъни ягона электрон кооперацион портал, электрон дўкон ёки бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион савдолари орқали ўзказилмоқда.

Бундан ташқари, илгари товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 000 баравари миқдоридан ошган ҳолларда, харидга доир техник топшириқлар комплекс экспертизадан ўтказиш учун белгиланган тартибда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» давлат унитар корхонасига киритилган бўлса, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 июлдаги «Давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ 5171-сонли қарорига асосан, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 000 баравари миқдоридан ошган ҳолларда, харидга доир техник топшириқлар ва тендер ҳужжатлари комплекс экспертизадан ўтказилмоқда.

Бу эса, ўз навбатида жамият харид тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг жорий ишлаб чиқариш фаолияти узлуксиз амалга оширилишини таъминлашга йўл очди.

Шу билан бирга, «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси ташаббуси билан товар-моддий ресурслар (ТМР) айланмасини назорат қилиш, товарларни такрорий сотиб олинишининг олдини олиш, транспорт логистикасини автоматлаштириш ҳамда омборларда мавжуд бўлган ТМРлардан унумли фойдаланиш мақсадида, ТМР захираларни бошқариш бўйича автоматлаштирилган 1S омбор тизими жорий қилинди.

Натижада, «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги корхона, ташкилот ва бошқармалар омборхоналарида мавжуд бўлган товар-моддий ресурслар ҳисобини юритишнинг марказлашган онлайн тизими ишга туширилди. Мисол учун, авваллари омборларда ТМРлар захирасини аниқлашга 3-4 кун вақт сарфланган бўлса, ҳозирда автоматлаштириш натижасида, мазкур ишни амалга ошириш учун бор-йўғи 10-15 дақиқа талаб этилади.

Шунингдек, омборларда ТМРлар захираси ҳисоби нафақат компьютерларда, балки инсон омили минималлаштирилиб, мобил қурилмалар ёрдамида масофадан туриб ҳам бошқариш орқали шаффофликка эришилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати