Ўзбекистон авиакомпаниялар фаолиятида монополия яратмоқчи эмас. Бу ҳақда 31 июль куни Uzbekistan Helicopters корхонасида бўлиб ўтган H-125 вертолётининг тақдимот маросимида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Airbus H-125 вертолёти

Фото: «Дарё»/ Мадина Нурман

Тадбирда Uzbekistan Helicopters корхонаси томонидан тижорий мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган иккита Airbus H-125 вертолётининг имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Илҳом Маҳкамовнинг алоҳида таъкидлашича, Uzbekistan Helicopters ёки бошқа компаниялар учун монополия яратмоқчи эмас.

Илҳом Маҳкамов

Фото: «Дарё»/ Мадина Нурман

«Транспорт вазирлиги бу соҳадаги ҳар қандай компанияларни қўллаб-қувватлайди. Uzbekistan Helicopters билан ҳамкорлик қилишни истаган ҳар қандай туристик компаниялар учун эшиклар очиқ. Шуни қайд этиш жоизки, Uzbekistan Airways бир вақтлар ёпиқ бўлган эди, энди биз очиқликка қараб кетяпмиз. Энди Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Helicopters фақат йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун ишлайди, йўловчилар аввалгидек бу компаниялар ортидан юрмайди», – деди транспорт вазири.

Маросимда иштирок этган бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, Uzbekistan Helicopters давлат томонидан таъсис этилган бўлса-да, у монополия бўлмайди ва соҳага кирмоқчи бўлган компаниялар учун эшиклар доимо очиқ.

Азиз Абдуҳакимов

Фото: «Дарё»/ Мадина Нурман

«Бу бозор очиқ, Uzbekistan Helicopters давлат ташкилоти бўлгани билан, «бўлди, манополия ташкил этилмоқда», дейиш керак эмас. Яъни бу вертолёт бозори очиқ ва биз хусусий тадбиркорларни, инвесторларни ушбу бозорга таклиф этамиз. Агар инвестициялар амалга оширилиб, Ўзбекистонда яна Uzbekistan Helicopters каби вертолёт компаниялар ташкил этиладиган бўлса, бу, албатта, рақобат ва келажакда нархларга ҳам ижобий таъсир қилади. Агар шундай таклифлар бўлса, биз уларни тезда кўриб чиқиб, керакли лицензия ва бошқа шароитларни яратиб беришга тайёрмиз», – деди бош вазир ўринбосари.

Таъкидланишича, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компаниясидан ташқари бошқа янги миллий авиакомпаниялар ва вертолёт хизматлари йўлга қўйилмоқда.

«Авиахизматлар бозори ривожланяпти. Бу бозорда янги иштирокчилар ва инвесторларни кутиб қоламиз. Туризм ва спорт вазирлиги ва Транспорт вазирлиги бирлашиб, яна бир бор қайтараман, бу каби ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», – дея қўшимча қилди Азиз Абдуҳакимов.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг Qanot Sharq Airlines хусусий авиакомпанияси иккита Airbus А320-214 авиаоператорини рўйхатдан ўтказган эди. Ушбу самолётларнинг  биринчиси апрель ойида ва иккинчиси эса май ойида Тошкент шаҳрига олиб келинган. Шунингдек, 2021 йилнинг сентябрь ойида ишга тушириш мўлжалланган янги Самарқанд халқаро аэропорти бошқарувини Air Marakanda компаниясига бериш режалаштирилган.

Аввалроқ Ўзбекистонга олтинчи Dreamliner самолёти келтирилгани ҳақида хабар берилган эди. Uzbekistan Airways 2016 йилда Dreamliner’ларнинг тижорий эксплуатациясини бошлаган ва Boeing 787 нинг Марказий Осиёдаги биринчи буюртмачисига айланган. Илк икки самолёт 2016 йилда, учинчиси 2018- йилда ва яна иккитаси 2019 йилда олиб келинган.