Дунё ва ўзбек спортига оид 14 июнь кунининг муҳим хабарлари дайжести билан танишинг.

Ўзбекистон

Футбол

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ЖЧ—2022 саралаши доирасида кечадиган Саудия Арабистонига қарши ўйин олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унда мутахассис Тошкентдаги мағлубиятли ҳисоб ўйинга мос бўлмагани ва бу ўйин ҳақиқий кучли жамоани аниқлаб беришини айтди.

Эслатиб ўтамиз, бу ўйиндаги мағлубият (ҳатто дуранг ҳам) Ўзбекистонни кейинги босқичга чиқиш имкониятидан маҳрум этади.

Жаҳон

Футбол

Месси коронавирус юқтириб олишдан хавотирда

Фото: Marca

«Биз хавотирдамиз. Ҳар биримиз коронавирус билан касалланиш хавфи остидамиз. Бу ҳақиқатда бизни хавотирга солмоқда, тартибларга риоя қилган ҳолда ўзимизни асрашга ҳаракат қиляпмиз, бироқ бу осон эмас.

Бу ишларни амалга оширган ҳолда бошқа жамоалар билан учрашамиз ва уларга қарши ўйинларда зарарланиш хавфи ҳам мавжуд. Бу ҳолат юз бермаслиги учун ҳаракат қиламиз. Аммо кўплаб ҳолатларда бу бизга боғлиқ эмас», — дейди Месси.

Эслатиб ўтамиз, Аргентина терма жамоаси 15 июнга ўтар кечаси Копа Америка—2021 мусобақасидаги иштирокини бошлайди. Жамоа Чилига қарши баҳс олиб боради.

Фото: «Дарё» / Ҳусан Собитов

Дания Финляндияга қарши ўйиннинг давом эттирилишини ҳақиқатда талаб қилганмиди?

Кристиан Эриксен билан юзага келган аянчли воқеадан кейин УЕФА Дания — Финляндия учрашуви бир кун кейинга қолдирилганини эълон қилди, кейинчалик эса баҳс воқеадан 1,5 соатдан кейин давом эттирилди. УЕФА буни Дания терма жамоасининг хоҳиши билан бўлганини эълон қилди. Дания собиқ дарвозабони Петер Шмейхель эса вазият бошқача бўлганини айтмоқда.

«УЕФАнинг баённомасини кўрдим, унда қарор футболчилар билан маслаҳат қилинган ҳолда чиқарилгани қайд этилган, худдики ўйинчилар учрашувни давом эттиришни талаб қилган. Бироқ бу нотўғри.

Ўйинчиларга учта вариант таклиф этилган. Биринчиси — ўйиннинг қолган 50 дақиқасини дарҳол ўйнаб қўйиш. Иккинчи вариант — кейинги куннинг ярмида ўйнаш. Учинчи — техник мағлубият.

Энди ўзингиз баҳо беринг, ўйинни дарҳол давом эттириш ҳақиқатда футболчиларнинг истагимиди? Уларда танлов бормиди? Мен бундай ўйламайман. Худди мураббийдек, у ўйинчиларнинг майдонга қайтишга қўйиб берганидан ғазабда эканини айтди», — дейди Шмейхель.

Евро—2020 да навбатдаги рекорд

Чехия ва Шотландия ўртасидаги учрашувда (2:0) чехлар ҳужумчиси Патрик Шик дубль қайд этди. У иккинчи голини майдон марказидан урди. 45,4 метрдан урилган гол Евро тарихида энг узоқ масофадан киритилган тўп бўлди.

Фото: «Дарё» / Ҳусан Собитов

Адриан яна бир мавсум «Ливерпуль»да қолади

«Қизиллар» испаниялик дарвозабон билан амалдаги шартномани яна бир мавсумга узайтирди. Мерсисайд жамоаси Адрианни 2019 йилнинг ёзида ўз сафига қўшиб олганди.

Фото: Twitter / @LFC

Рамос ҳам «Реал»да қолишга яқин

АS нашрининг хабар қилишича, Серхио Рамос «Реал» аввалроқ таклиф қилган келишув шартларига рози бўлган. Таъкидланишича, томонлар музокараларни қайтадан бошлайди. Шунингдек, Иско ҳам кетиш ниятида эмас. У Анчелоттига ҳали жамоа учун керакли эканини исботламоқчи.

Бокс

Тайсон Фьюри — Деонтей Уайлдер ўртасидаги жанг расман тасдиқланди

Оғир вазн тоифасида WBC чемпиони Тайсон Фьюри ва собиқ чемпион Деонтей Уайлдер ўртасидаги учинчи жанг 24 июль куни (Тошкент вақти билан 25 июль тонги) Лас-Вегасда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Top Rank промоутерлик компанияси маълум қилди.

Мазкур боксчилар ўртасидаги дастлабки жангда дуранг қайд этилган бўлса, иккинчи тўқнашувда Фьюри 7-раундда Уайлдерни нокаутга учратганди.

Фото: The Sun

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!