Ўзбекистон олий таълим муассасалари битирувчиларидан бирор ташкилот ёки корхонадан уч томонлама шартнома тасдиқлатиб келиши талаб этилаётгани билан боғлиқ ҳолатлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган эди.

Сенат матбуот хизматининг маълум қилишича, Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан мазкур ҳолат юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига сўров юборилган бўлиб, вазирлик сўровга ўз жавобини билдирган.

Унда қайд этилишича, олий таълим муассасаларига битирувчи курс талабаларидан диплом олиш учун иш берувчи корхоналардан шартнома олиб келиши юзасидан топшириқ берилмаган. Бироқ айрим олий таълим муассасаларида талабалардан иш берувчи корхоналардан шартнома талаб қилинаётган ҳолатлар бўлса, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ишонч телефонларига мурожаат қилиш мумкинлиги маълум қилинган.

Мазкур масала юзасидан турли эътирозлар юзага келмаслиги учун олий таълим муассасалари раҳбарияти ва масъул шахслар қатъий огоҳлантирилган.