Покистон жанубида иккита поезд тўқнашиб кетди, оқибатда 30 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ARY News маҳаллий портал ҳукуматга таяниб хабар берди. Жабрланганлар ҳам бор, уларнинг сонига аниқлик киритилмаган.

Фото: «Pakwheels.com»

Ҳалокат Синд вилояти Готки шаҳрида иккита темир йўл станцияси оралиғида юз берди. Полиция вакили Усмон Абдулланинг сўзларига кўра, битта поезд рельсдан чиқиб кетган иккинчи поездга бориб урилган. Унинг айтишича, поезд вайроналари остида ҳам одамлар бор.

Воқеа жойига қутқарувчилар ва полиция етиб келган, жабрланганлар касалхоналарга олиб борилган. Тўқнашувга айнан нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум.

Авария юз берган ҳудудда поездлар ҳаракати тўхтатилган.

Эслатиб ўтамиз март охирларида Мисрда иккита йўловчи поездининг ўзаро тўқнашиши оқибатида камида 32 нафар одам ҳалок бўлиб, яна 91 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган эди. Апрель ойида эса Тайваннинг Хуалян уездида йўловчи поезди изидан чиқиб кетиб, 36 киши ҳалок бўлган эди.