Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ президенти Жо Байденни Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтадиган Россия—Америка саммитидан олдин у билан учрашишга чақирди. Axios нашрига берган интервьюсида Зеленский Байден билан «дунёнинг исталган жойида ва исталган вақтда» учрашишга тайёрлигини айтди.

Фото: Getty Images

Украина президентининг таъкидлашича, АҚШ президенти маъмурияти унга Байденнинг «Шимолий оқим 2» газ қувури операторига қарши санкциялардан воз кечиши тўғрисида хабар бермаган. Зеленский бу ҳақда матбуотдан билиб олган.

Зеленскийнинг фикрича, Россиянинг газ қувури Украина миллий хавфсизлигига таҳдид солади, АҚШ эса Россияни тўхтатишга қодир ягона кучдир.

«‘Шимолий оқим 2’ бу Россия Федерацияси қўлидаги қурол, ҳақиқий қурол. АҚШ каби буюк давлат ушбу қуролни ўқ-дорилар билан таъминлаши мумкинлигини тушуниш қийин», — деди Зеленский.

Axios Оқ Уйга таяниб ёзишича, Байден маъмурияти Женева саммити олдидан Украина президенти билан учрашув ташкил қилишни ният қилган, аммо Зеленскийнинг «Нафтогаз» раҳбариятини ўзгартириш ҳақидаги қароридан кейин бу фикрдан воз кечган. АҚШ Украина президенти коррупцияга қарши курашиш ҳаракатларидан шу тарзда чекинаётганидан хавотирда.

4 июнь куни Россия президенти Владимир Путин «Шимолий оқим 2» газ қувурининг биринчи магистрали учун қувурларни ётқизиш муваффақиятли якунлангани ва иккинчи магистрал устида ишлар давом этаётганини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Владимир Путин ва Жо Байденнинг юзма-юз учрашуви 16 июнь куни Женевада бўлиб ўтиши кутилмоқда. Аввалроқ ОАВ президентлар Женеванинг қайси нуқтасида учрашиши мумкинлигини маълум қилганди. Учрашув вақтида Женева осмони парвозлар учун ёпилади.