Нигерия адлия вазири ва бош прокурори Абубакар Малами Twitter’дан фойдаланиш тақиқини бузганларни жавобгарликка тортишни буюрди. Бу ҳақда Нигериянинг Daily Post нашрига таяниб «РБК» хабар берди.
Вазирлик матбуот хизмати хабар беришича, прокуратура Алоқа вазирлиги ва унга алоқадор бошқа идоралар билан боғланиб, зудлик билан қонунбузарларни жавобгарликка тортиши кераклигини айтган.
Daily Post нашрининг ёзишича, Twitter блокировкаси кучга киргандан сўнг кўплаб нигерияликлар тақиқни четлаб ўтиш учун ВПНълардан фойдаланишни бошлаган.
4 июнь куни Ахборот ва маданият вазирлиги ҳукумат мамлакат ичкарисида Twitter’дан фойдаланишни тақиқлагани ҳақида хабар берди. Вазирлик, шунингдек, ушбу платформадан мунтазам равишда Нигерия ҳаётига путур етказувчи ҳаракатлар учун фойдаланиб келинганини таъкидлади.
Вазирлик раҳбари ўз навбатида Twitter’ни икки томонлама стандартларда айблади ва Нигериядаги ижтимоий тармоқнинг миссияси «жуда шубҳали» эканини айтди.
Twitter’дан фойдаланиш тақиқи эълон қилинишидан икки кун аввал ижтимоий тармоқ Нигерия президенти Муҳаммад Бухорий минтақанинг инфратузилмасига ҳужумлар учун жавобгар деб ҳисоблаган мамлакат жануби-шарқидаги айирмачилар ҳақидаги твитини ўчириб юборган эди.
«Бугунги кунда ўзини ёмон тутаётганларнинг аксарияти Нигериядаги фуқаролар уруши пайтида юз берган вайронагарчиликлар ва ҳалок бўлганлар ҳақида билишга жуда ёшлик қилади. 30 ойни далада ўтказиб, урушдан омон қолганлар билан улар тушунадиган тилда гаплашилади», — деб ёзган президент 1960 йилларнинг охирларида Биафра Республикаси мустақиллиги учун кечган этник фуқаролар урушини назарда тутиб.
Кўплаб фойдаланувчилар твитдан шикоят қилиб, буни айирмачиларга таҳдид деб ҳисоблаган, шундан сўнг ижтимоий тармоқ постни ўчириб ташлаган.
Twitter’дан фойдаланишга қўйилган тақиқдан сўнг компания бундан жуда хавотирда эканини айтди. У бепул интернетга кириш замонавий дунёда инсоннинг муҳим ҳуқуқи эканини таъкидлади ва ижтимоий тармоқнинг Нигериядаги фаолиятини тиклаш устида ишлашга ваъда берди.