Бразилиянинг Серрана шаҳрида ўтказилган тажриба шуни кўрсатдики, аҳоли орасида вакцинациядан кейин коронавирус натижасидаги ўлим ҳолатлари 95 фоизга камайган, деб ёзмоқда Reuters.
Хитойнинг Sinovac Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқилган CoronaVac вакцинасини ишлаб чиқарувчи Бутантан институти февраль ва апрель ойлари оралиғида Серрананинг 45 минг аҳолиси орасида тажриба ўтказди. Қайси чегараларда вирус тарқалишини аниқлашга уриниб кўриш мақсадида олимлар шаҳарни тўртга бўлди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, натижа учта ҳудуддаги одамлар ёки аҳолининг, тахминан, 75 фоизи вакцинанинг иккала дозасини олганидан кейин қўлга киритилди.
Бутантан институти томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, коронавирус оқибатидаги ўлим кўрсаткичлари 95 фоизга, шифохонага ётқизиш 86 фоизга, симптомли ҳолатлар 80 фоизга камайди.
«Энг муҳим натижа шундаки, биз бутун аҳолини вакцинация қилмай пандемияни назорат қила оламиз», — деди Бутантан институти тадқиқот директори Рикардо Паласиос.
Худди шундай тадқиқот Бразилиянинг яна бир шаҳри — 148 минг аҳоли яшайдиган Ботукатуда ўтказилмоқда. Тадқиқотчилар маҳаллий Fiocruz компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Oxford-AstraZeneca вакцинасидан фойдаланмоқда.
Изоҳ (0)