Эроннинг бойитилган уран захираси 3241 килограммга баҳоланмоқда. Бу эса 2015 йилги келишув бўйича рухсат этилган миқдордан 16 баробар кўпроқ. Бу ҳақда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик маълумотларига таяниб DW хабар берди.
Агентлик раҳбари Рафаэл Гроссининг сўзларига кўра, Эрон ҳукумати ташкилотга атом объектлари ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этмаган.
Гроссининг таъкидлашича, музокараларда прогресснинг йўқлиги мамлакат атом дастурининг тинчлик моҳиятига ишонч ҳосил қилиш учун имкон бермайди ва янги ядровий битим бўйича музокараларни секинлаштириши мумкин.
Маълумот учун, Венада бир ойдан бери Эрон ва 2015 йилда ядро келишувини имзолаган АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Франция ва Буюк Британия ўртасида музокаралар олиб борилмоқда.
Эрон 14 апрелдан бошлаб уранни 60 фоизгача бойитиш ишларини бошлаган эди. Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Теҳроннинг бундай қарор қабул қилиши Исроилнинг Натанздаги ядро объектига уюштирган ҳужумига ўзига хос жавоб эканини айтган.
11 апрелда Натанздаги Аҳмад Рошан номли уранни бойитиш комплексида электр таъминотини тақсимлаш тизимида муаммолар кузатилган. Али Акбар Солиҳий тизимдаги носозлик «ядро террорчилиги» ҳаракати туфайли юзага келганини билдирган. Аммо у мазкур ҳаракатлар ортида қайси кучлар турганлиги борасида муайян фикр билдирмасликка қарор қилган.
Шунингдек, Эрон уранни бойитиш даражасини 60 фоизга чиқаришга муваффақ бўлгани ҳақида хабар берилди. Эрон Атом энергияси ташкилоти раҳбари Али Акбар Солиҳ, ўз навбатида, «ҳозирда 60 фоизгача бойитилган соатига тўққиз грамм уран ишлаб чиқарилмоқда», деди.
Изоҳ (0)