Қашқадарёда мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ва унинг ҳудудий бўлимлари масъуллари ишдан олиниб, яна ўз ўрнида вазифани бажарувчи сифатида иш бошлади
Қашқадарё вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Асрор Алимардонов ҳамда барча туман ва шаҳар мактабгача таълим бўлими бошлиқлари Зоир Мирзаев раҳбарлигидаги танқидий йиғилишда ишдан олиниб, яна ўз вазифасига вақтинча бажарувчи сифатида қайта тайинланган. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов хабар берди.
Таъкидланишича, вилоят раҳбари Асрор Алимардонов ва унинг жамоаси ишидан қониқиш ҳосил қилмаган.
«Вилоятда 1694 та мактабгача таълим ташкилоти бор. Бугунги кунда вилоятда мактабгача таълим ташкилотлари сонини кўпайтириш орқали уларда бола қамровини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, давлат томонидан берилаётган имтиёзлардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш ишлари ўз самарасини бермаяпти. Жумладан, 2019 йилда 248 миллион сўм талон-торож қилиниб, 21 миллион сўм нотўғри харажат қилинган. 2020 йилда 326 миллион сўм талон-торож қилиниб, 120 миллион сўм нотўғри сарф қилинган, 2021 йилнинг биринчи чорагида эса 412 миллион сўм талон-торож қилиниб, 205 миллион сўм бюджет маблағлари нотўғри сарф қилинган», — дейилади ҳокимлик томонидан тақдим этилган маълумотда.
Мавзуга доир: Мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди, қолган ўринбосарлар даражаси туширилди