Аргентина ҳукумати ички бозорда нархларнинг мунтазам ўсишини жиловлаш мақсадида мамлакатнинг асосий товарларидан бири бўлган мол гўшти экспортини чеклайди, деб ёзмоқда «Интерфакс».
Аргентина Саноатни ривожлантириш вазирлиги баёнотига кўра, давлат раҳбари Альберто Фернандес гўшт экспорт қилувчилар уюшмасига 30 кун давомида чет элга маҳсулот сотиш тақиқланишини маълум қилди. Ушбу давр мобайнида ҳукумат мазкур сектор учун фавқулодда чоралар мажмуини ишлаб чиқишни мақсад қилган.
«Президент сўнгги бир неча ойда ички бозордаги мол гўшти нархларининг барқарор кўтарилишидан хавотирда эканини билдирди», — дейилади баёнотда. Таъкидланишича, Аргентинадаги инфляция йилига 50 фоизга яқинлашмоқда.
Шунингдек, президентнинг экспортчилар билан ўтказган учрашувида спекулятив амалиётлар ва солиқ тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олиш чоралари муҳокама қилинди. Ушбу тадбирларнинг бир қисмини яқин кунларда амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Фернандеснинг сўзларига кўра, агар киритилган чоралар ижобий натижалар берса, жорий қилинган ушбу 30 кунлик тақиқ қисқартирилиши мумкин.
Ciccra савдо гуруҳининг маълумотларига кўра, Аргентинада мол гўштининг экспорти сўнгги тўрт йилда кескин ўсди ва 2021 йилнинг январь—февраль ойларида рекорд даражага етди.
Аввалроқ Жанубий Кореянинг коронавирусга қарши иммунитетни оширувчи, ачитилган карам, туз ва аччиқ қалампирдан тайёрланадиган миллий таомининг экспорт ҳажми 2021 йилнинг бошида рекорд даражада ўсгани маълум бўлди. 2021 йилнинг январь ойидан март ойигача мамлакатда корейсча кимчини етказиб бериш ҳажми 46,57 миллион долларни ташкил қилди (бу 2020 йил билан таққослаганда 54,3 фоизга кўпроқ). 2020 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 38,51 миллион долларни ташкил қилган эди.
Шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатида қишлоқ хўжалигининг умумий миллий маҳсулдорлиги 1960 йиллардан буён 21 фоизга пасайгангани ҳақида маълумот берилди. Бундай пасайиш сўнгги етти йил ичидаги маҳсулдорликнинг ўсишини йўқотиш билан тенгдир, дея таъкидлайди олимлар.
Изоҳ (0)