АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху билан телефон суҳбати чоғида Исроил ва Фаластин ўртасидаги ўт очишни тўхтатишни таъминлашга чақирди. Бу ҳақда Оқ уй тарқатган хабарда айтилади.

Фото: AP Photo

«Президент ўт очиш тўхтатилишини қўллаб-қувватлади ҳамда АҚШнинг ушбу йўналишдаги Миср ва бошқа шериклар билан ҳамкорликларини муҳокама қилди», — дейилади баёнотда.

Суҳбат чоғида Байден «Исроилнинг тартибсиз ракета зарбаларидан ҳимояланиш ҳуқуқини қатъиян қўллаб-қувватлашини тасдиқлади», дея қайд этди Оқ уй.

Коммюникега кўра, АҚШ президенти, шунингдек, «Исроилни бегуноҳ тинч аҳоли ҳимоясини таъминлаш учун барча имкониятларини ишга солишга чақирган».

Икки давлат етакчилари яқин мулоқотни сақлаб қолишга келишиб олди, дейилади Оқ уй хабарида.

Фаластин—Исроил низосининг 2014 йилдан буён кузатилган энг кучли авж олиши май ойида Исроил ҳукуматининг Қуддусда бир қатор араб оилаларини кўчириб юбориш қароридан кейин бошланди. Бу норозиликларни келтириб чиқарди ҳамда Қуддусда араб намойишчилар ва Исроил полицияси ўртасидаги тўқнашувларга сабаб бўлди.

Вазиятга ҲАМАС аралашди. Исроил унинг полицияни олиб кетиш ҳақидаги талабларини бажармаганидан кейин, гуруҳ ракеталар отишни бошлади. Бунга жавобан Исроил Ғазо секторини ўққа тутди.

Ғазо сектори зиддият кучайганидан буён 200 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлиб, 5 мингдан зиёди жабрланганини маълум қилди. Исроил томони ўн нафар қурбон ва 50 га яқин оғир ярадорлар борлиги ҳақида хабар бермоқда.