«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
21:57, 15.05.2021 100299

Болливуднинг Мерилин Монроси — Мадҳури Дикшит 54 ёшда: Актриса ҳақида қизиқарли фактлар (фото)

Болливуд юлдузи Мадҳури Дикшит бугун, 15 май куни 54 ёшни қаршилади. Истеъдоди, маҳорати ва гўзаллиги билан ҳинд киносаноатида ўз ўрнига эга актриса ҳақидаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Фото: Instagram / @madhuridixitnene

Актриса 1967 йил 15 майда махараштралик браҳманлар оиласида дунёга келган. Уч ёшидан катхак услубидаги классик рақс билан шуғуллана бошлаган. Мактабни битирганидан кейин Мумбай университетида микробиология бўйича таълим олган.

Фото: Instagram / @madhuridixitnene

Бор диққатини ўқишга қаратган Дикшит учун рақс тушиш шунчаки хобби бўлган. Унинг актрисалик оламига кириб келиши эса тасодиф бўлган.

Фото: «Яндекс Дзен»

Мактаб давридаёқ режиссёрлар эътиборига тушган актрисанинг катта опаси студия ходимларидан бирининг қизининг дўсти бўлган. Тасодифий учрашувлар сабаб Мадҳури суратга олиш майдончасига бориб қолган. Кино оламида карьера бошлаши биланоқ омади чопмаган. Илк дебюти «Тентак» фильми кейинги суратга тушган 5 нафар фильмлари сингари прокатларда муваффақиятсизликка учраган.

Фото: Instagram / @madhuridixitnene

1994 йилда Салмон Хон билан бирга асосий қаҳрамонлардан бирини гавдалантирган «Сен учун кимман?» фильми эса унинг актриса сифатида танилишига сабабчи бўлган. Шундан кейин 1995 йилда «Шаҳзода Ража», 1997 йилда «Девона қалб» ҳамда 2002 йилда «Девдас» сингари омадли лойиҳаларда иштирок этган.

Фото: Instagram / @madhuridixitnene

Актрисани шахсий ҳаётда карьерадаги сингари омадли деб бўлмайди. У 90 йилларда суратга олиш майдончасидаги ҳамкасби Санжай Датт билан учраша бошлаган. Оилали актёр рафиқаси касал вақтида Мадҳурига илакишиб қолгани матбуотда турли муҳокамаларга сабаб бўлган. Кейинчалик Санжайнинг ҳаётида қамоққа тушишига сабаб бўладиган жиддий муаммолар кузатилган.

Фото: «Яндекс Дзен»

Муносабатларига нуқта қўйишга мажбур бўлган актриса америкалик кардиожарроҳ Шримам Нене билан танишган. Учрашишни бошлаган жуфтлик бошқалар эътиборини жалб қилмаган ҳолда турмуш қурган. Турмуши давомида икки нафар ўғил — Арин ва Рейян дунёга келган.

Фото: «Яндекс Дзен»

Серқирра ижодкор ҳисобланган Дикшит 2013 йил Болливудда онлайн рақс академияси Dance With Madhuri’га асос солган.

Фото: Instagram / мадҳуридихитнене

Бу ҳали ҳаммаси эмас, Маdz.Madhuri бренди остида кийим ишлаб чиқаришдан ташқари, ЮНИСЕФънинг кўнгилли элчиси ва таэквондо бўйича кўк белбоғ соҳиби саналади.