Исроил-Фаластин ўртасидаги можаро авж олганидан бери Ғазо секторидан камида 1600 ракета Исроил томон отилган, улардан 400 га яқини Ғазо сектори ҳудудининг ўзига тушган. Бу ҳақда Исроил Мудофаа кучлари вакили Йонатан Конрикуснинг баёнотига таяниб, «Коммерсантъ» хабар берди.

Фото: The Times of Israel

Унинг сўзларига кўра, Исроил армияси қуруқликдаги операцияга тайёр, аммо ҳужум бошлашга ҳали буйруқ олмаган. Исроил ва Ғазо сектори ўртасида ракета зарбалари 10 майдан бери давом этмоқда. Ўт очиш натижасида етти исроиллик ва 67 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.

«Биз Исроилга отилган 1600 та ракетани, жумладан, кечагиларини ҳам уриб туширдик. Ушбу 1600 ракетанинг 400 га яқини Ғазо сектори ичига қулади», — деди Конрикус брифингда. Унинг таъкидлашича, «Темир гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизимининг самарадорлиги, тахминан, 90 фоизни ташкил қилади. Унинг айтишича, Исроил аскарлари Ғазо секторидаги HAMAS ва «Исломий жиҳод»нинг 600 га яқин ҳарбий кучларига ҳужум қилган.

Исроил армияси вакилининг айтишича, можаро бошланганидан бери Исроилда олти нафар тинч аҳоли ва битта аскар ҳалок бўлган. Ғазо секторида эса Исроил ўқидан 67 киши ҳалок бўлган.

Йонатан Конрикус «Ғазо» бўлинмасидаги қўшинлар тайёргарликнинг турли босқичларида экани, аммо ҳозирча қуруқликдан ҳужум операциясини ўтказиш тўғрисида буйруқ берилмаганини айтди.

Маълумот учун сўнгги марта Исроил аскарлари Ғазо секторига қуруқликдан ҳужум операциясини 2014 йилда амалга оширган эди. Ракета зарбаларини тўхтатишга қаратилган «Мустаҳкам қоя» операцияси бир ярим ой давом этиб, унда 2000 дан ортиқ фаластинлик ва ўнлаб исроилликлар ҳалок бўлган.