Италияда Леонардо да Винчи номидаги Рим-Фюмичино халқаро аэропортида мутахассислар биноларни санитаризация қилиш операциясини ўтказди. Ҳиндистондан Римга келган 23 йўловчида коронавирус аниқлангандан кейин шундай талаб қўйилган, деб хабар беради Euronews.

Фото: EPA

Хабарга кўра, инфекция аниқланган йўловчилар ва улар билан алоқада бўлган одамлар карантин меҳмонхонасига жўнатилди. Уларда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)ни ташвишга солаётган «ҳиндча» штамм бор ёки йўқлиги ҳозирча номаълум.

«Ҳиндистондаги оғир вазият исталган жойда юзага келиши мумкинлигини англаш жуда муҳим. Бу барча мамлакатлар учун жиддий муаммо. Чеклов чоралари юмшатилса, одамлар яна йирик гуруҳлар ҳосил қилса, коронавируснинг юқумлироқ штаммлари пайдо бўлаверса ва эмланганлар сони озлигича қолса, бу ҳар қандай мамлакат учун даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин», — деди ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клуге.

Ҳиндистон кунлик касалланиш бўйича рекордларни янгилашда давом этмоқда — ўтган кун давомида мамлакатда 379,2 мингдан ортиқ одамда коронавирус аниқланди. Бу 1,3 миллиард аҳолиси бўлган мамлакат учун ҳам жуда катта кўрсаткич.

ЖССТ маълумотларига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида дунё бўйлаб қайд этилган коронавирусга чалиниш бўйича 5,7 миллион янги ҳолатдан 38 фоизи Ҳиндистонга тўғри келади.

BBC хабарига кўра, Вашингтон университети олимлари Ҳиндистон пандемияси сценарийсини моделлаштирди ва унинг энг юқори нуқтаси май ойининг ўрталарига қадар тугамаслигини тахмин қилди.

«Аммо Ҳиндистонда ҳамма одатдагидек ниқоб тақишни бошласа, буёғига ўлимлар сони камайиши мумкин», — дейди тадқиқотчилар.

Пандемия бошланганидан буён ниқоб тақиш мамлакатда тавсия шаклида бўлиб келган. Яқинда миллионлаб одамлар иштирок этган Кумбха Мела фестивалидан олинган фотосуратлар ҳиндистонликларнинг жуда камчилиги ниқоб тақишини кўрсатди.

Олимлар бонг уриб, дунё ҳамжамиятини Ҳиндистонга диққат қаратишга чақирди, чунки у ерда содир бўлаётган воқеалар бошқаларга таъсир ўтказмай қолмайди.

АҚШ, Буюк Британия, Ирландия, Германия, Сингапур ва Австралия аллақачон Ҳиндистонга инсонпарварлик ёрдами, жумладан, сунъий нафас олдириш аппаратлари, концентрланган кислород таъминоти ва шахсий ҳимоя воситаларини юборган. Айни пайтда уларга яна учта давлат — Россия, Жанубий Корея ва Канада қўшилди.

Канада Ҳиндистонга ёрдам учун 10 миллион доллар ажратди, Сеул тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш бўйича Деҳли билан музокаралар олиб бормоқда.

Британиядан биринчи гуманитар ёрдам ўтган сешанба куни Деҳлига етиб келган эди. Лондон кўмакни давом эттириш ниятида.

«Илгари Ҳиндистон бошқаларга ёрдам берар эди, энди унга ёрдам бериш навбати келди. Биз бу жангда ғалаба қозонамиз», — деди шаҳзода Чарльз. Бу қироллик оиласи вакилининг Ҳиндистондаги инқироз ҳақидаги биринчи баёноти эди.

Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ҳиндистонда тобора ортиб бораётган коронавирусга чалиниш ҳолатларига қарши курашда ёрдам учун мамлакатга 2,6 мингдан ортиқ ходимини юборди.

Покистонда локдаун жорий қилинмоқда

Ҳиндистон билан қўшни Покистондаги вазият ҳам сезиларли даражада ёмонлашди. 28 апрель куни мамлакатда пандемия бошидан бери илк бор кунлик ўлим кўрсаткичи 200 тани ташкил қилиб, рекорд даражага етди.

Мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида, айниқса, аҳоли зич жойлашган Панжоб вилоятида касалхоналар ресурс етишмаслигидан шикоят қилмоқда. Келгуси ҳафтадан бошлаб расмийлар 20 та шаҳар ва вилоятларда локдаун жорий қилишни режалаштирмоқда.

Илгари Покистон ҳукумати локдаун мамлакат иқтисодиётини ўлдиради, дея даъво қилиб, фаол равишда унга қарши бўлган. Мухолифат вакиллари бошчилигидаги вилоятларда чеклов чоралари жорий этилди. Аммо қўшни мамлакатда содир бўлаётган воқеалар Исломободни ўз позицияларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.