Ҳиндистонда ўтган бир кеча кундузда 379 257 кишида коронавирус аниқланиб, 3645 киши касалликдан вафот этди. Бу пандемия бошланганидан бери қайд этилган рекорд кўрсаткичлардир. Мамлакатда вирус юқтирганларнинг умумий сони 18 376 421 кишига етди.

Фото: Getty Images

Сўнгги бир неча кундан буён мамлакатда COVID-19 билан касалланганлар сони бўйича кетма-кет антирекордлар қайд этилмоқда. Мамлакатдаги эпидемиологик вазият «коронавирус бўрони» деб таърифланди. Ҳиндистон аҳолиси  уйида ҳам тиббий ниқобларни тақишга чақирилмоқда.

22 апрелда Ҳиндистон биринчи марта кунлик касалланиш сони бўйича дунё рекордини ўрнатди — 314,8 минг, кейинги кунларда ушбу кўрсаткич бир неча мингга ошиб кетди — 23 (+332,7 минг), 24 (+346,7 минг), 25 ( +349,6 минг), хусусан, 26 апрель куни ҳам (+352,9 минг). Янги касалланганлар сонининг бироз пасайиши фақат 27 апрель кунига тўғри келди (+323 минг).

АҚШ Ҳиндистонга коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш учун 100 миллион доллардан ортиқ қийматдаги ёрдам юборишини маълум қилди.

«Қўшма Штатлар яқин кунларда Ҳиндистонга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун 100 миллион доллардан зиёд қийматдаги маҳсулот етказиб беради», — дейилади АҚШ ҳукумати баёнотида.

Унга кўра, Ҳиндистонга сунъий нафас олдириш аппаратлари, 1100 дона кислород баллони, 15 миллионта Н95 ҳимоя ниқоби, COVID-19’ни тезкор аниқлаш учун 1 миллионта тест тўплами юбориш режалаштирилган.

Шунингдек, Америка ҳукумати Ҳиндистонга 20 миллион дозали коронавирусга қарши AstraZeneca вакцинасини, инфекцияни даволаш учун «Ремдесивир» препаратини етказиб беришни режалаштираётганини эълон қилди.

Оқ уй инсонпарварлик ёрдами ортилган биринчи самолётлар 29 апрель куни Ҳиндистонга етиб келишини ваъда қилди.

Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ҳиндистонда тобора ортиб бораётган коронавирусга чалиниш ҳолатларига қарши курашда ёрдам учун мамлакатга 2,6 мингдан ортиқ ходимини юборди.

Ўз навбатида, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи мисли кўрилмаган COVID-19 тўлқинини бошдан кечираётган Ҳиндистонга дарҳол ёрдам беришга тайёрлигини айтди.

Шунингдек, Россиянинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ҳиндистонга гуманитар ёрдам партияси билан иккита самолёт юборди. Бортда: 20 та кислород етказувчи ускуна, 75 та сунъий нафас олдириш аппарати, 150 та тиббий монитор, шунингдек, 200 минг қути дори-дармон бор.