АҚШ Россиянинг сайловларга аралашуви ва киберҳужумларига муносиб жавоб қайтарди. Вашингтон Россия билан муносабатлар кескинлашувини истамайди. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден Конгрессдаги нутқида айтиб ўтди, деб ёзади «Коммерсантъ».

Фото: Reuters

«Россияга келсак, мен Путинга очиқ айтдим, биз кескинликни истамасак ҳам, уларнинг ҳаракатлари чора кўришга мажбур қилади. Мен Россиянинг сайловларга аралашувига, ҳукуматимиз ва бизнесимизга қилинган киберҳужумларга тўғридан-тўғри ва мутаносиб равишда жавоб қайтардим улар қилган ишига яраша жавоб олди», — деди Байден Конгрессда. Унинг чиқиши Америка ОАВ томонидан трансляция қилинди.

Давлат раҳбари АҚШ Россия билан биргаликда мамлакатлар манфаатларини бирлаштирувчи масалаларда ҳамкорлик қилиши мумкин, деб ҳисоблайди. Мисол тариқасида у «СНВ III» (Россия ва АҚШ ўртасида стратегик ҳужум қуролларини янада камайтириш ва чеклаш чоралари тўғрисида шартнома) узайтирилгани ва «иқлим инқирози» бўйича олиб борилаётган ишларни келтирди. Президент иқлим саммитига таклиф қилинадиган мамлакатлар ҳақида гапирди. Унинг таъкидлашича, саммит дунёдаги барча йирик иқтисодиётга эга давлатлар билан ўтказилади: «Хитой ва Россиядан то Ҳиндистон ва Европа Иттифоқига қадар».

13 апрель куни телефон орқали суҳбатда Байден Путинга нейтрал ҳудуд сифатида «учинчи мамлакатда» учрашишни таклиф қилди. Оқ уй учрашув ёзда бўлиб ўтиши мумкин, деб тахмин қилди. Кремль ёздаги учрашувни тасдиқлаб, ҳозирча саналар бўйича келишув мавжуд эмаслигини айтди.

Байден Путин билан шахсан учрашганда бошқа масалалар қатори Украинадаги вазиятни ҳам муҳокама қилмоқчи.

«Байден Владимир Путинни ёзда учинчи мамлакатда учрашиб, бир қатор мавзуларни, шу жумладан Украинанинг яхлитлигини муҳокама қилишга таклиф қилди. Қўшма Штатлар бошқа шериклар қатори Украинанинг суверенитети ва яхлитлигини ҳимоя қилишга қатъий содиқдир. Биз бундан кейин ҳам шундай қолишни ният қилдик, лекин ультиматум қўйиш билан эмас, балки юқори даражадаги дипломатик каналлар орқали», — деди Баденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан.

Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви сўнгги марта 15 апрель куни, Америка президенти Жо Байден Россияга нисбатан янги санкциялар киритганидан кейин юз берди. Янги санкциялар Россиянинг АҚШдаги 2020 йилги президентлик сайловларига аралашиши, АҚШ ҳукумат идораларига қилинган киберҳужум ва Россиянинг Афғонистондаги америкаликларга қарши «Толибон» жангарилари билан тил бириктиргани билан боғлиқ. Оқ уй февраль ойида Россиянинг ушбу ҳаракатлари учун АҚШ расмийлари унга қарши санкциялар режалаштираётганини айтганди.