Сингапур ҳукумати мамлакатга ташриф буюрувчиларда коронавирусни нафас олиш йўли орқали аниқловчи тест тизимини йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Ушбу тест мосламаларининг аэропортларга жойлаштирилиши белгиланган. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: EPA

Клиник текширувлар вақтида TracieX қурилмаси натижаларни 95 фоиз аниқликда кўрсатди, бу кўрсаткич ПЦР-тестларининг самарадорлиги билан деярли тенг ҳисобланади. Шунингдек, бу тизимда натижалар икки дақиқа ичида тайёр бўлади ва текширувдан ўтиш нархи 20 долларни ташкил этади (мавжуд ҳар қандай коронавирус тестларидан арзон).

TracieX мамлакатнинг юқумли касалликлар миллий марказида ва Чанги аэропортида синовдан ўтказилмоқда.

Ёз фаслининг бошида ушбу қурилманинг кенг миқёсда ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

TracieX яратувчиларининг сўзларига кўра, ҳар бир нафас чиқаришда турли хил биокимёвий реакциялар натижасида инсон ҳужайраларида ҳосил бўлган учувчи органик бирикмалар ажралиб чиқади ва қурилма нафас олишнинг кимёвий таркибидаги ўзгаришларни таҳлил қилади.

Маълумот учун, Қирғизистон парламенти депутатлари коронавирус билан оғриган беморларнинг жунғор айиқтовони (Aconitum soongaricum) заҳарли ўсимлиги билан даволанаётгани тўғрисида хабар берган мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиевнинг ишдан олинишини талаб қилмоқда.

Шунингдек, Ангела Меркель Германиядаги вакцинация ҳақида гапирар экан, жараён муваффақиятли кечаётганини ва «туннель охиридаги ёруғлик»ни кўраётганини таъкидлади.

Аввалроқ Меркель Евроиттифоқ давлатлари раҳбарлари билан ўтказилган учрашувдан кейинги баёнотида Европа Иттифоқи мамлакатлари яқин келажакда коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисида рақамли сертификатлар яратишга келишиб олганини маълум қилган эди.