Европа Суперлигаси ташкил этилгани ҳақида расман маълум қилинди.

Фото: Twitter

Янги ташкил этилган лигада «Милан», «Арсенал», «Атлетико», «Челси», «Барселона», «Интер», «Ювентус», «Ливерпуль», «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед», «Реал» ва «Тоттенҳэм» клублари таъсисчи мақомида бўлади. Яна уч жамоа мавсум аввалида қўшилиши айтилмоқда.

Суперлига ўйинлари ҳафтанинг ўртасида ўтказилади ва у миллий чемпионат баҳсларига таъсир қилмайди. Юқорида қайд этилган клублар УЕФА ва ФИФА билан ҳамкорликни давом эттириш борасида музокаралар ўтказади.

«Суперлигани ташкил этиш пандемия Европа футболининг молиявий тизимини ишдан чиқарган вақтга тўғри келди. Таъсисчи клублар бир неча йилдан буён Еврокубоклар савиясини оширишни, юқори даражадаги клублар ва футболчилар бир-бири билан рақобат қиладиган формат яратилишини сўраб келарди.

Сўнгги ойларда футболнинг бош шахслари Еврокубокларнинг келажакдаги форматини муҳокама қилди. Таъсисчи клублар ушбу музокаралар натижасида таклиф этилган формат энг юқори савиядаги ўйинлар ва қўшимча молиявий даромадлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилмайди деган фикрда», — дейилади Суперлига баёнотида.

Маълум бўлишича, Суперлига август ойида старт олади ва ўйинлар ҳафта ўртасида ташкил этилади. Мусобақада 20 та жамоа икки гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этади. Ҳар бир гуруҳда дастлабки учта ўринни эгаллаган жамоалар чорак финалга йўл олади. 4 ва 5-ўриндаги жамоалар плей-офф ўйинида иштирок этади. Гуруҳ баҳслари ва плей-офф ўйинлари уй-сафар тизимида ўтказилади. Финал эса нейтрал майдонда ўтадиган битта ўйиндан иборат бўлади.

Европа Суперлигасига «Реал» президенти Флорентино Перес раҳбарлик қилади. «Ювентус» президенти Андреа Анелли ва «Манчестер Юнайтед» хўжайинларидан бири Жоэл Глейзер вице-президент этиб тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, ФИФА, УЕФА ва юқоридаги клублар иштирок этадиган лигалар Европа Суперлигасининг ташкил этилишига мутлақо қарши эканини маълум қилди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!