Янги Зеландия ҳукумат тасдиқлаган чекишга қарши кураш доирасида 2025 йилгача тамаки маҳсулотларига бутунлай тақиқ қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди.

Фото: Depositphotos

Тамаки маҳсулотларининг савдосини босқичма-босқич чеклашнинг бир қисми сифатида, улардаги никотин миқдорини пасайтириш, фильтрлар ўрнатишни тақиқлаш, маҳсулотлар учун нарх белгилаш, махсус савдо дўконларининг сонини қисқартириш бўйича чора-тадбирлар кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, 2004 йилдан кейин туғилган мамлакат фуқароларига тамаки маҳсулотларини сотишни тақиқлаш таклиф қилинмоқда.

Ҳукуматнинг ушбу ташаббусини соғлиқни сақлаш ташкилотлари қўллаб-қувватлади.

«Тамаки тарихдаги энг зарарли маҳсулот ҳисобланади, биз ундан бутунлай воз кечишимиз керак», — деди Саратонга қарши кураш жамиятининг ижрочи директори Люси Элвуд.

Лекин ҳукуматнинг ушбу ташаббусига нисбатан эҳтимолий оқибатларни қайд этган ҳолда, баъзи эътирозлар ҳам бўлди. Хусусан, кичик дўконларнинг банкрот бўлиши, шунингдек, тамаки маҳсулотларининг қора бозори кенгайиши алоҳида эътироф этилди.

Бундан ташқари, никотин миқдорини камайтириш истеъмолчиларнинг янада кўпроқ тамаки маҳсулотларини сотиб олишига сабаб бўлиб, улар бунинг учун янада кўпроқ маблағ сарфлаши мумкинлиги айтилди. Шунингдек, ушбу қонун лойиҳаси аҳолининг шахсий ҳаётига аралашиш билан тенглаштирилди.

Ҳукумат маълумотларига кўра, ҳар йили Янги Зеландиянинг, тахминан, 4,5 минг аҳолиси чекиш натижасида келиб чиққан касалликлар оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Мамлакатда чекиш саратон оқибатида юзага келган ҳар тўртинчи ўлимнинг сабабчиси ҳисобланади.

Маълумот учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адан Гебрейесус коронавирусга қарши курашда муваффақиятга эришиш учун алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилмасдан, спорт билан шуғулланишни тавсия қилди.