Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Президент Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни Uzbekistan Airways ҳамда Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятларини трансформация қилиш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарининг 2018 йил 27 ноябрдаги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон ҳаво йўллари Миллий авиакомпанияси негизида иккита – Uzbekistan Airways ҳамда Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятлари тузилган эди. Бугунги кунда мамлакат иқтисодиётида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар қаторида мазкур компаниялар ҳам трансформация қилиниши режалаштирилган. Шу билан бирга, коронавирус пандемияси билан боғлиқ иқтисодий қийин вазият авиация тармоғини такомиллаштиришни талаб этмоқда.

Авиакомпанияларни трансформация қилишда асосий эътибор иқтисодий самарадорликни оширишга қаратилган. Масалан, Uzbekistan Airways акциядорлик жамияти харажатларини 46,5 миллион долларга қисқартириш ҳисоб-китоб қилинган. Бунинг учун компания ва унинг таркибидаги ташкилотларда иш ўринларини оптималлаштириш, фойдаланилмаётган 12 та самолётни тасарруфдан чиқариш, авиачипталарни хорижда сотиш бўйича агентлар комиссияси фоизини тушириш мўлжалланмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, даромадларни йилига 40 миллион долларга кўпайтириш мақсад қилинган. Бунинг учун талаб юқори бўлган шаҳарларга чартер парвозларни ва янги йўналишлар бўйича карго ташувларини амалга ошириш, барча маҳаллий рейсларга онлайн рўйхатдан ўтиш ва жойларни танлаш имкониятини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Янги бизнес стратегиясига кўра, қатновлар гибрид усулга ўтказилиб, тўлиқ хизматлар ва бюджет хизматлар модели бўйича амалга оширилади. Талаб кам бўлган йўналишларда бизнес класс бекор қилиниб, ўриндиқлар сони кўпайтирилади.

Шу йил учинчи чоракдан бошлаб 4 та А-320 самолётида лоукостер, яъни арзон қатновлар ташкил этиш мўлжалланган. Узоқ масофали йўналишларни ривожлантириш учун 3 та А321 NEO LR ҳаво кемасини лизингга олиш, маҳаллий авиақатновлар сонини ҳафтасига ҳозирги 17 тадан 49 тагача ошириш режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Йўловчилар учун қулайликларни ошириш мақсадида соҳани рақамлаштириш, жумладан, Аэролабс онлайн хизматлар кўрсатиш тизимини ҳамда мижозлар билан ишлашни бошқариш учун CРМ комплексини татбиқ этиш кўзда тутилган.

Президент Шавкат Мирзиёев хизматлар қулайлиги ва сифатини ошириш орқали аҳолини авиақатновларга кўпроқ жалб этиш зарурлигини таъкидлади.

Uzbekistan Airports акциядорлик жамияти самарадорлигини ошириш бўйича ҳам қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Бугунги кунда ушбу жамият таркибида 11 та аэропорт бор ва уларнинг ҳар бири мустақил фаолият юритмоқда.

Тақдимотга кўра, мазкур аэропортларни ягона бошқарув органи тасарруфида бирлаштириш таклиф қилинмоқда. Молиявий барқарорликни ошириш мақсадида, халқаро тажриба асосида, харажатларни 32 фоиздан 15 фоизга тушириш, харидларни оптималлаштириш, аэропорт хизматлари учун йиғимларни 27 фоизга, жумладан, зиёрат туризми доирасида 50 фоизгача камайтириш мўлжалланмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Даромадларни кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Тошкент халқаро аэропортида юк терминалини барпо этиб, Европа ва Шарқий Осиё ўртасида транзит ҳажмини ошириш, аэровокзал майдонларини кенгайтириш орқали савдо ва хизматлар тушумини кўпайтириш режалаштирилган.

Давлат раҳбари аэропортлар инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчи ва юк ташиш ҳажмини ҳар йили ошириб бориш, ҳудудлардаги аэропортларда кетиринг ва бошқа хизматларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.

Бундан аввал Uzbekistan Airways ва яна 14 компания IPO ўтказиладиган компаниялар рўйхатига киритилгани, Шавкат Мирзиёев Самарқанд халқаро аэропортидаги қурилиш ишларини кўздан кечиргани ҳамда сенаторлар авиачипталар нархининг қимматлиги бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитасига сўров юборгани ҳақида хабар берилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Исроил—Миср чегарасидаги отишма, қабрларга қадалган байроқлар, Rally Мuynak’да ёниб кетган автомобиль — ҳафта суратлари
Дунё
Ражаб Тоййиб Эрдўғон парламентда қасамёд қилиб, Туркия президенти лавозимига киришди
Дунё
Пригожин Россия Мудофаа вазирлиги “Вагнер”чиларнинг Бахмутдан чиқиш йўлини миналаб ташлаганини айтди