Ўзбекистонда 17 апрель куни коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 342 та янги ҳолат рўйхатга олинди — бу кунлик касалланиш кўрсаткичи бўйича 2021 йилнинг энг юқори кўрсаткичидир. Бундан аввалги антирекорд бир кун аввал — 16 апрель куни қайд этилган, ўшанда 316 кишида COVID-19 тасдиқланган эди.

Янги касалланиш ҳолатларининг:

  • 7 таси Қорақалпоғистон Республикасида,
  • 3 таси Андижон вилоятида,
  • 10 таси Бухоро вилоятида,
  • 8 таси Жиззах вилоятида,
  • 2 таси Навоий вилоятида,
  • 3 таси Наманган вилоятида,
  • 29 таси Самарқанд вилоятида,
  • 3 таси Сирдарё вилоятида,
  • 1 таси Сурхондарё вилоятида,
  • 4 таси Фарғона вилоятида,
  • 1 таси Хоразм вилоятида,
  • 50 таси Тошкент вилоятида,
  • 221 таси Тошкент шаҳрида

коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Шундай қилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган расман тасдиқланган шахслар сони 86 680 нафарга етган. Улардан 205 нафари (Қорақалпоғистонда 6 нафар, Бухоро вилоятида 8 нафар, Наманган вилоятида 5 нафар, Самарқанд вилоятида 22 нафар, Фарғона вилоятида 2 нафар, Тошкент вилоятида 37 нафар, Тошкент шаҳрида 125 нафар) соғайган. Жами соғайганлар сони 84 043 нафар, соғайиш кўрсаткичи — 97 фоиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 17 апрель якунларига кўра коронавирусга чалиниб, вафот этган икки киши COVID-19 нинг Ўзбекистондаги қурбонлари рўйхатига қўшилган (ушбу марҳумлар айнан қайси санада вафот этгани маълум қилинмаган), расмий статистика бўйича Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этганлар сони 638 нафарга етган («Дарё» нашри 2020 йил 22 сентябрга қадар юритган алоҳида статистика бўйича, қурбонлар сони камида 19 нафарга кўп).

Вазирликнинг алоҳида қайд этишича, «айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1999 нафар бемордан 238 нафари оғир, 109 нафари эса ўта оғир аҳволда».