АҚШ федерал ҳукумати мамлакат вице-президенти Камала Харрисни ўлдириш билан таҳдид қилишда айбланаётган флоридалик аёлни ҳибсга олди. Бу ҳақда USA Today нашри хабар берди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари 15 апрель куни 39 ёшли Нивиан Пети Фелпсни ҳибсга олган. Суд ҳужжатларига кўра, айбланувчи «била туриб, қасддан АҚШ вице-президентини ўлдириш ва жароҳат етказиш билан таҳдид қилган».
Махфий хизмат маълумотларига кўра, айбланувчи қамоқ жазосини ўтаётган турмуш ўртоғига 2020 йилги сайлов натижаларига нисбатан кескин норозилик ифодаланган бир нечта видеоёзувларни юборган, шунингдек, қурол олиб юришга рухсат сўраб мурожаат қилган.
Маълумотларга кўра, Фелпс вице-президентни ўлдириш билан таҳдид қилгани ва унинг аниқ санаси айтилган жами бешта видеоролик ёзган. Таъкидланишича, Харриснинг «аслида қора танли эмаслиги»га ишончи аёлнинг вице-президентга таҳдид қилишига сабаб бўлган.
Фелпс 20 йил давомида ҳамшира бўлиб ишлаган тиббиёт муассасаси уни ишдан бўшатилиши ҳақида хабар берди.
Аёлнинг адвокатига кўра, унинг мижози «вице-президентга жиддий таҳдид солмайди" ва у эри билан мулоқотда шунчаки ғазабланганини билдирган.
Агар Фелпс айбдор деб топилса, беш йил муддатга озодликда маҳрум қилинади.
Изоҳ (0)