Америка ҳарбий қўмондонлиги Германияга разведкачилар, артиллериячилар, кибероперациялар ва радиоэлектрон кураш бўйича мутахассисларни киритди. Бу ҳақда АҚШнинг Европа ва Африкадаги қўшинлари вакили Жо Скроккага таяниб «Интерфакс» хабар берди.
«Гап дала артиллерияси, ҳаводан ва ракетадан мудофаа, разведка, кибероперациялар, радиоэлектрон кураш, коинот, авиация ва таъминот гуруҳи ҳақида кетмоқда», — дея сўз юритди Пентагон.АҚШ Қуролли Кучларининг Европа қўмондонлиги раҳбари генерал Тод Уолтерс ҳарбийлар Висбаден шаҳрига юборилишини маълум қилди.
13 апрель куни Пентагон раҳбари Ллойд Остин АҚШнинг Германияга яна 500 нафар ҳарбийни киритишга қарор қилганини ва бу ҳаракатларнинг Россияга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтди.
АҚШнинг Германияга қўшимча кучларни жойлаштириш тўғрисидаги қарорини Шарқий Украинадаги вазиятнинг кескинлашуви фонида Россияга йўлланган белги сифатида қабул қилиниши мумкинми, деган саволга жавобан: «Ишонтириб айтаманки, бу НАТО учун белги бўлиб, бу НАТОни тўлиқ қўллаб-қувватлашимизни англатади. Энг муҳими, биз Германия билан муносабатларимизни қадрлаймиз», — деди Остин.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ қўшинларининг Германияга киритилиши «қўшимча имкониятлар» ҳисобланади.
2021 йилнинг февраль ойида Германия ҳукумати вакили Штеффен Зайберт мамлакат АҚШнинг аввалги маъмурияти ҳарбий қўшинларнинг бир қисмини Германиядан олиб чиқиш тўғрисидаги қарорини қайта кўриб чиқиш бўйича Жо Байденнинг баёнотига ижобий муносабат билдирганини айтди.
«Ҳукумат ушбу баёнотни мамнуният билан қабул қилади, биз воқеаларнинг кейинги ривожини диққат билан кузатиб борамиз», — деди Зайберт.
2020 йилнинг 15 июнь куни АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп мамлакатнинг Германиядаги қўшинларини қисқартиришга қарор қилгани ҳақида маълум қилиб, у ерда фақат 25 минг аскарни қолдирмоқчи эканини айтган эди. Кейин Трамп «Германия мудофаа учун етарли маблағ ажратмаётгани» ва НАТОнинг ишончини оқламаётгани учун шундай қарорга келганини таъкидлаб, Берлин мудофаа бюджетини кўпайтирган тақдирда, Германияга ҳарбийларни қайтаришини айтган.
Аввалроқ АҚШ Яқин Шарқдан ракеталар мажмуасининг бир қисмини олиб чиқишга қарор қилди. Президент Жо Байден Пентагонга Форс кўрфазидаги ҳарбийлар сонини қисқартиришни буюрди. Шунингдек, Америка мудофаа вазири Ллойд Жеймс Остин Вашингтон ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишга шошмоқчи эмаслигини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)