Эквадорда «КРEO ҳаракати» ўнглар партияси вакили, собиқ банкир Гилермо Лассо президентлик сайловларида ғолиб чиқди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Фото: Reuters

Сайлов бюллетенларининг 98,05 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан кейин Лассо президентлик сайловининг иккинчи турида 52,48 фоиз овоз тўплади.

Унинг рақиби, «Умид учун бирлик» сўллар партиясининг вакили Андрес Араус 47,52 фоиз овоз тўплаб, сайлов натижалари эълон қилинмасидан олдин мағлубиятини тан олди.

«Бугун барча эквадорликлар ўзларининг келажагини ҳал қилди, улар ўзининг сайловда берган овози билан ўзгаришларга эҳтиёжи ва яхши кунларга бўлган умидини билдирдилар», — деди Лассо сайловчиларга ташаккур билдириб ва сайловолди ваъдаларини амалга оширишини айтди.

Ўз навбатида, Араус рақибини ғалаба билан табриклади ва сайловлардаги муваффақиятсизлик сиёсий ёки руҳий мағлубият эмаслигини таъкидлади.

Эквадорнинг амалдаги президенти Ленин Морено ҳам Лассони сайловлардаги ғалабаси билан табриклаб, янги давлат раҳбарига «эквадорликлар манфаати йўлида катта муваффақиятлар» тилади.

Гилермо Лассо аввал ҳам Эквадор президентлигига икки марта ўз номзодини қўйган, лекин иккаласида ҳам етарлича овоз тўплай олмаган. Собиқ банкир иқтисодиёт ва эркин бозорни рағбатлантириш учун солиқ ставкаларини тушириш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, давлат қарзларини қисқартириш бўйича чоралар кўриш тарафдори ҳисобланади.

Аввалроқ Конго республикасида ўтган президентлик сайловларида амалдаги давлат раҳбари Дени Сассу-Нгессо ғалаба қозонган эди. У дастлабки натижаларга кўра 88,57 фоиз овоз олган ва сайловнинг иккинчи турини ўтказмасликка қарор қилинган.