LinkedIn компанияси 5 апрелдан бошлаб ходимларининг 15 900 нафарига ойлик маоши сақланиб қоладиган таътил берди. Бу ҳақда LinkedIn ходимлар бўлими бошлиғи Теуила Ҳэнсонга таяниб CNN хабар берди, деб ёзмоқда Meduza.
Унинг сўзларига кўра, ишни фақат белгиланган ходимлар давом эттиради, лекин улар ҳам кейинроқ таътил олади.
LinkedIn ходимларнинг иши учун миннатдорчилик билдириш ва кўп ишлаш натижасида стрессга йўл қўймаслик имкониятини бериш учун барча ходимларга таътил беришга қарор қилди. «Биз уларга ҳақиқатан қадрли бўлган нимадир бера олишимизга ишонч ҳосил қилмоқчи эдик ва ҳозир барчамиз учун қадрли нарса таътил деб ўйлаймиз», — деди Ҳэнсон.
Деярли барча ходимлар таътилга чиққани сабабли улар ишига қайтганидан сўнг йўқлигида тўпланиб қолган вазифалардан оғир стрессни бошдан кечирмайди, деб қўшимча қилди Ҳэнсон.
Аввалроқ British Airways авиакомпанияси Лондондаги штаб-квартирасини сотиб юбориш имкониятларини ўрганиб чиқаётгани ҳақида хабар берилди. Бунга компания ходимларининг кўп қисми масофадан ишлашга ўтгани сабаб бўлмоқда, энди авиаташувчига офиснинг катта қисми керакмас бўлиб қолди. Офис сотуви пандемия туфайли жиддий зарар кўрган компаниянинг молиявий аҳволини яхшилаши мумкин. Waterside биноси 1998 йилда қурилган ва тахминан, 200 миллион фунт стерлингга баҳоланган.
Японияда эса давлат хизматчилари ишдан икки дақиқа олдин чиқиб кетгани аниқланганидан кейин жазоланди. Фунабаши шаҳри таълим бошқармасининг етти нафар ходими жазоланди, улар 2019 йилнинг май ойидан 2021 йилнинг январь ойигача автобусга улгуриш учун ишдан икки дақиқа эртароқ чиққан. Ҳолатларнинг умумий сони 316 тани ташкил қилган.
Изоҳ (0)