Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ҳайкалтарош Яков Шапиро 83 ёшида вафот этди. «Gazeta.uz»нинг ёзишича, бу ҳақда «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» халқаро мултимедиа лойиҳаси хабар берди.
Яков Шапиронинг ижод намуналари Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Франция, Италия, Исроил, Япония ва бошқа давлатларда ўрнатилган. Тошкент метросининг бешта станцияси, жумладан, «Мустақиллик майдони» ва «Буюк ипак йўли» станциялари учун паннолар ушбу ҳайкалтарош томонидан тайёрланган.
Бундан ташқари, ҳайкалтарош Тошкентдаги Шота Руставели, Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Лал Баҳадур Шастри, Ботир Зокиров, Бухородаги Хўжа Насриддин Афанди ҳайкаллари муаллифи ҳисобланади.
Ижодкор яна бир қатор архитектура-ҳайкалтарошлик ансамбллари, жумладан, «Космонавтлар» метро станциясидаги Она замин, Икар, Улуғбек, Сиолковский, Королёв, Гагарин ҳамда космонавт Владимир Жонибеков фигураларидан иборат юлдузлар мавзусидаги композиция муаллифидир.
Аввалроқ Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев 88 ёшида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
2020 йилда таниқли композитор ва дирижёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Анвар Эргашев, Шароф Рашидовнинг укаси, Ўзбекистон санъат арбоби, таниқли педагог олим, адабиётшунос ва таржимон Асил Рашидов 90 ёшида, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Санжар Содиқов 80 ёшида, ёзувчи, драматург, публицист, Ўзбекистон санъат арбоби Абдуқаҳҳор Иброҳимов 79 ёшида, журналист ва ёзувчи Сотволди Ражабов 74 ёшида, ёзувчи Мамадали Маҳмудов 79 ёшида оламдан ўтгани тўғрисида хабар берилганди.