Бугун юртимиз сарҳадларининг каттагина қисмига экиш ишлари авж олган узумзорларнинг, тўғрироғи, узумнинг узоқ йиллик тарихидан хабардормисиз?
Тарихга мурожаат қиладиган бўлсак, геопалентологик ва ампелографик тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, узумчилик билан бизнинг ҳудудимизда боболаримиз 6 минг йил аввал шуғулланишган, узумзорлар ташкил қилибгина қолмасдан, балки ўша даврлардаёқ узумни қайта ишлаб чиқариш, яъни вино маҳсулотини тайёрлашни ҳам қойилмақом бажаришган.
Қадимги Зардуштийлик динининг муқаддас китоби «Авесто»да ҳам деҳқончилик маданиятининг шаклланиши ва ривожланиши суғорма деҳқончиликка асосланганлиги, бошқа экинлар ва мевалар қатори узумчиликка ҳам катта эътибор берилганлигини кўришимиз мумкин. Хусусан, «Авесто»да шароб, май ишлаб чиқариш эзгу иш ҳисобланиб, маросимларда, кундалик ҳаётда уларни истеъмол қилиш кенг қўлланилгани таъкидланган. Демак, узумнинг тарихи қадимийлиги ва у ўз даврининг муҳим маҳсулоти эканлиги билан ҳам ажралиб турганлигига шубҳа йўқ.
Қадимги Тупроққалъадан топилган археологик топилмалар — хумхона, эгасининг номи битилмаган тоштахта тарапанлар, узум сувини чиқаришга мосланган идиш, узун жўмракли кўплаб катта-кичик кўзалар, винони юк ҳайвонларида ташиш учун мослаштирилган, ён юзаси безатилган мустахора сопол идишлар, шароб, май ичиш учун махсус идиш, энг муҳими, қисман сақланиб қолган бўлсада, юксак санъат намунаси эканлиги билан ажралиб турувчи узум тераётган аёл сурати ҳам бу соҳанинг ўз даврида эътиборга моликлигидан ва ўз даври маданиятининг юксаклигидан ҳам далолат беради.
Ўрта асрларда яшаган венециялик зодагон, саёҳатчи Марко Поло ўзининг кундаликларида: «Самарқанд, Бухоро ва бошқа машҳур шаҳарлар атрофлари боғлар ва токзорлар билан ўралган. Бу ерларда маҳаллий халқлар томонидан тайёрланган майларни ичиб кўрдим. Бу майларнинг тайёрланганлигига ўн йиллар бўлган бўлсада, уларнинг сифати мени лол қолдирди. Бундай майларни мен олдин ҳеч қаерда ичмаганман», — деб ёзиб қолдирган.
Собиқ Иттифоқ даврида республикада пахта яккаҳокимлиги узумчиликнинг жадал ривожланишига салбий таъсир кўрсатди. Ўзбекистондаги токзорлар майдони қисқартирилиб, (1985—1986 йилларда) каттагина қисми йўқ қилиб юборилган. Натижада республиканинг қатор ҳудудларида саноат аҳамиятига эга бўлган узумчилик ва виночилик тармоқлари жиддий зарар кўрган.
Бугун мамлакатимизда соҳа ривожи учун қабул қилинаётган қатор қарор ва фармойишлар ўз маҳсулини берди, десак асло муболаға бўлмайди. Мустақилликдан кейин ҳозирги вақтга қадар 30-40 минг гектардан ортиқ, асосан лалми ва фойдаланишдан чиққан ер майдонларда янги токзорлар барпо этилди. Шуни таъкидлаш керакки, кейинги 3-4 йил соҳа учун жуда самарали келди. Ўтган 2020 йилнинг ўзидагина республикамизда фермер хўжаликлари ва бошқа корхоналари томонидан 22,6 минг гектар майдонда янги токзорлар барпо этилди. Шунингдек, 4,3 минг гектар майдондаги токзорлар реконструкция қилинди.
Жорий йилда республикамизнинг лалми ва фойдаланишдан чиққан 40 минг гектардан ортиқ майдонларда янги токзорлар барпо этилиб, 6,2 минг гектар майдондаги эски иқтисодий самарасиз токзорлар реконструкция қилинади.
Ҳеч қандай муболағасиз фахрланиб айтишимиз мумкинки, бизнинг ҳудудда етиштирилаётган, иқлим, сув ва ҳаво, серқуёш юрт тафтини олган хўраки ва кишмишбоп узумлар дунёнинг бошқа минтақаларида йўқ. Кейинги йилларда республиканинг соҳамизга тааллуқли илмий тадқиқот муассасалари томонидан маҳаллий шароитларга мос, ҳосилдор, юқори сифатли маҳсулот етиштириш имконини берувчи «Гўзал қора», «Ризамат», «Кишмиш вира», «Кишмиш Сўғдиёна», «Кишмиш Хишрау», «Тарнау» ва бошқа хўраки-кишмишбоп навлар, «Магарачский», «Мускат Узбекистанский», «Ташкентский», «Рангдор», «Олтиндай» навли техник узум навлари яратилди. Бу навлар ҳозирги кунда соҳибкорлар томонидан катта майдонларда экилмоқда.
Ўзининг узоқ йиллик босиб ўтган йўли, асрлар силсиласидан омон қолган ва бугунги кунда ҳам тилёрар мазаси, шифобахшлиги ва гўзаллиги билан қалблардан бозор расталари, супалар ва сўрилардан ўрин олган узумни севиб истеъмол қилишингизни, узумзорлар барпо қилишда давом этишингизни, сиздан келажак авлод учун яхши боғ ва яхши ном қолишини истаймиз!
Реклама ҳуқуқи асосида.