Иқлим ўзгариши оқибатида қишлоқ хўжалигининг умумий миллий маҳсулдорлиги 1960 йиллардан буён 21 фоизга пасайган. Бу ҳақда Корнелл университети томонидан АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўмагида олиб борилган тадқиқотда айтилади, деб ёзади «Коммерсантъ».
Бундай пасайиш сўнгги етти йил ичидаги маҳсулдорликнинг ўсишини йўқотиш билан тенгдир, дея таъкидлайди олимлар.
«Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари соҳада унумдорликнинг ўсишига имкон яратди, лекин антропоген иқлим ўзгаришининг ушбу ўсишга тарихий таъсири аниқланмади», — дейилади Nature Climate Change журналида чоп этилган тадқиқотда.
Олимлар қайд этишича, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигининг қисқариши илиқ минтақаларда — Африкада, Лотин Америкасида, Кариб ҳавзаси мамлакатларида юқорироқдир (24-34 фоиз).
Аввалроқ БМТ озиқ-овқат етишмаслиги туфайли 20 та мамлакатда ўткир очарчилик хавфи юзага келиши ҳақида огоҳлантирган эди. Хавф ҳудудида — 34 миллион киши. БМТ қайд этишича, очарчилик низолар оқибатида келиб чиқади ҳамда «иқлим ўзгаришлари ва пандемия оқибатида кучаяди».