Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати вилоят ҳокимига янги маслаҳатчи ва ёрдамчи тайинлангани, шунингдек, бошқа қатор лавозим тайинловлари амалга оширилгани тўғрисида маълумот берди.

Равшан Йўлдошев Тошкент вилоят ҳокимининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси лавозимига тайинланди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Равшан Йўлдошев 1977 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2007—2021 йилларда Ўзбекистон Президенти Администрациясида турли масъул лавозимларда меҳнат фаолиятини олиб борган. 2018 йилдан ҳозирги кунга қадар, Ўзбекистон Президенти Администрациясида банк-молия соҳасини ривожлантириш шўъбаси мудири лавозимида фаолият юритган.

Сарвар Файзуллаев Тошкент вилояти ҳокимининг Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Сарвар Файзуллаев 1976 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 2005—2021 йилларда Ўзбекистон Президенти Администрациясида турли масъул лавозимларда меҳнат фаолиятини олиб борган.

Сўнги йилларда, яъни 2018 йилдан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Президенти Администрацияси канцелярияси мусаҳҳиҳлик-таржимонлик таъминоти шўъбасининг бош консултанти лавозимида меҳнат қилган.

Азамат Камолов Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Азамат Камолов 1981 йилда Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида туғилган. 2019 йилдан 2021 йилга қадар Тошкент вилояти ҳокимлигида турли масъул лавозимларда, жумладан, Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича котибияти мудири ҳамда вилоят ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари лавозимларида меҳнат фаолиятини олиб борган.

Шаҳзод Нормуродов Тошкент вилояти ҳокимлиги ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича котибияти мудири лавозимига тайинланди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Шаҳзод Нормуродов 1994 йилда Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини 2013 йилда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Шайхонтоҳур тумани кенгашидан бошлаган, 2014 йилдан 2015 йилга қадар «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Миробод туман кенгаши «Камалак» болалар ташкилоти раиси лавозимида ишлаган.

Абдуҳамид Тўлаганов Тошкент вилояти «Чирчиқ—Оҳангарон» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Абдуҳамид Тўлаганов 1980 йилда Тошкент вилояти Оққўрғон туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Оққўрғон тумани Акмал Икромов ширкат хўжалигидан бошлаган. 2017 йилдан 2018 йилга қадар Оққўрғон туман ирригация бўлими бошлиғи, 2018 йилдан 2020 йилга қадар Оққўрғон туманидаги «АБС Оққўрғон агро кластер» МЧЖ агрономи лавозимларида меҳнат фаолиятини олиб борган. 2020 йилдан шу кунга қадар Оққўрғон тумани ирригация бўлими бошлиғи лавозимида меҳнат қилган.

Аввалроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Тошкент вилояти ҳокимига ўринбосар бўлгани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари 28-сессиясида Шавкат Мирзиёев Даврон Ҳидоятовни вилоят ҳокими лавозимига тавсия қилди. Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган Даврон Ҳидоятов 2020 йилнинг 30 январида Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

Унинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига Жиззах вилояти Дўстлик тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Улуғбек Узоқов, шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига Барҳаёт Мелиев тайинланган. Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Зуҳра Мирғозиева ҳокимнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар