«Дарё» ҳафта давомида жаҳонда юз берган энг муҳим хабарлар дайжестини ҳавола этади.
«Қотил» Путин
Ўтган ҳафтанинг энг кўп муҳокама қилинган воқеаси, шубҳасиз, АҚШ президенти Жозеф Байденнинг Россиялик ҳамкасби Владимир Путин ҳақидаги фикрлари бўлди. Гап шундаки, АҚШ президенти Жозеф Байден ABC телеканалига берган интервьюсида журналистнинг «Россия президенти Владимир Путинни қотил деб ҳисоблайсизми?» — деган саволига тасдиқ жавобини берди. «Ммм, ҳмм, ҳа», — дея жавоб қилди Байден ундан интервью олаётган Жорж Стефанополуснинг саволига.Шунингдек, АҚШ президенти Путин Америкадаги сайловларга аралашгани учун «жавоб бериши»га ишонч билдирди.
Байденнинг сўзларига кўра, январь бошида у Путин билан телефон орқали мулоқот қилган, шунда у Россия президентига: «Мен сизни биламан, сиз мени биласиз. Агар шу нарса (Россия аралашуви) рост бўлиб чиқса, унда (оқибатларга) тайёр туринг», — деган.
Байденнинг Путин ҳақидаги гапларидан кейин Москва биржасида Россия рублининг курси пасайиб кетди. Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов маслаҳатлашув учун Москвага чақирилди.
Байден мазкур баёнотига Кремль ҳам тезлик билан муносабат билдирди. Кремль АҚШ президенти Жо Байденнинг Владимир Путин ҳақидаги баёнотларини «жуда ёмон» деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Мен бунга муносабат билдириш учун кўп гапириб ўтирмайман. Фақат шуни айтмоқчиманки, бу АҚШ президентининг жуда ёмон баёноти бўлди. У шубҳасиз, мамлакатимиз билан муносабатларни яхшилашни истамайди. Буёғига биз ҳам шундан келиб чиқиб иш кўрамиз», — деди Песков.
Бунинг ортидан шахсан Россия президенти Владимир Путин ҳам америкалик ҳамкасбининг иддаоларига муносабат билдирди. Путин АҚШ давлат раҳбари Жо Байденга тўғридан-тўғри эфир орқали мулоқот қилишни таклиф этди.
«Айни вақтда бир нарса ҳақида ўйлаяпман. Ўтган сафар телефон орқали суҳбатлашиш ташаббуси Байдендан чиққанди. Энди президент Байденга ўз мулоқот таклифимизни айтмоқчиман, мен у билан тўғридан-тўғри эфирда, онлайн форматда суҳбат қилмоқчиман. Ҳеч қандай танаффусларсиз, очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқот қиламиз. Менимча, бу Россия халқи учун ҳам, АҚШ фуқаролари учун ҳам, бошқа давлатларда яшовчи одамлар учун ҳам қизиқ суҳбат бўлади», — деган Путин.
Мазкур ҳодисаларга Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам муносабат билдирди.
Байденнинг Путин ҳақидаги баёноти давлат раҳбари учун қабул қилиб бўлмас ҳолат», — деди Эрдўғон журналистларга. Шунингдек, у Путиннинг воқеага муносабатини маъқуллади.
Оқ уй вакили Жен Псаки эса Байденнинг Россия раҳбарига қаратилган кескин сўзларидан афсусланмаслигини таъкидлади.
«Йўқ. Президент очиқ саволга очиқ жавоб берди», — деди у брифингда Байденнинг сўнгги баёнотлари ҳақидаги журналистнинг саволига жавобан.
Осиёда қум бўронлари
Ўтган ҳафтада Мўғулистон, Хитой ва Форс кўрфази мамлакатларини ҳам қамраб олган эди. Пекинда ноқулай об-ҳаво сабабли 400 дан ортиқ авиарейслар бекор қилинди. Бўрон туфайли шаҳарнинг айрим ҳудудларида ПМ10 майда заррачаларининг концентрацияси ЖССТ томонидан тавсия этилган меъёрдан 160 баробар юқори бўлди.Шунингдек, Қозоғистоннинг Манғистов вилоятини ҳам қум бўрони қоплади. Маҳаллий аҳоли ижтимоий тармоқларда ноқулай об-ҳавонинг видеотасвирлари билан бўлишди. Аввалроқ Фавқулодда ҳолатлар департаменти шамол тезлиги сониясига 17—22 метргача кучайишини маълум қилиб, бўрон ҳақида огоҳлантирган эди.
Мўғулистонда қум бўрони оқибатида олти киши ҳалок бўлди, яна 80 дан ортиқ одам бедарак йўқолди. Қурбонлар орасида беш нафар чўпон ва бир ёш бола борлиги айтилмоқда. Шунингдек, 548 киши бедарак йўқолган, уларнинг 467 нафари топилган, айни пайтда қутқарувчилар 81 кишини қидирмоқда. Мўғулистон ғарбидаги баъзи ҳудудларда қум бўрони натижасида электр энергиясининг кенг кўламли узилишлари кузатилмоқда.
15 март куни эса кучли қум бўрони Хитой пойтахти Пекинда қайд этилган, шу туфайли ҳукумат шаҳарда хавфнинг сариқ даражасини эълон қилган.
Қум бўрони таъсири Москвада ҳам сезилди: шаҳарда чанг концентрацияси ошди. «Барча автоматлаштирилган ҳаво назорати станцияларининг маълумотларига кўра, шаҳар ҳудудида муаллақ ПМ10 (жуда майда чанг) зарралар концентрациясининг ошиши қайд этилди», — дейилади хабарда.
17 март куни соат 17:00 да максимал бир марталик концентрациялар гигиена меъёридан ошмади, деб маълумот берди ҳукумат «Мосекомониторинг»га таяниб.
SPA-салонида отишма
Ўтган ҳафта АҚШнинг Жоржия штати пойтахти Атланта шаҳрида жойлашган осиёликларга тегишли бўлган ва асосан осиёликлар фаолият юритган SPA-салонларида отишма содир бўлди.CNN маҳаллий полицияга таяниб хабар беришича, биринчи қотиллик Чероки округидаги spa-салонда юз берган. У ерда номаълум шахс салонга кириб, сўнг ўт очган. Ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлган, яна икки киши яраланган, полиция уларнинг spa-салон ходимлари ёки мижозлари бўлганига аниқлик киритмади.
Қолган иккита ҳодиса Атлантада, ёнма-ён жойлашган Gold Spa ва Aroma Therapy spa-салонларида юз берган. Полиция маълумотларига кўра, биринчи салондаги отишмада уч аёл, иккинчисида — бир аёл ҳалок бўлган. CNN қайд этишича, қурбонларнинг келиб чиқиши осиёлик бўлган.
Кейинроқ Fox5 телеканали Чероки округидаги қотилликда гумонланувчи қўлга олинганини, у вудстоклик 21 ёшли Роберт Аарон Лонг бўлиб чиққанини хабар қилди. У учала салонга ҳужумда гумон қилинмоқда.
Мазкур воқеадан сўнг мамлакат бўйлаб осиёлик ирқига мансубларга қарши дискриминацияни қоралаб намойишлар бўлиб ўтган.
«Халқ итбоқари» ва «Хизмат кўрсатган итбоқар»
Ўтган ҳафтада қўшни Туркманистонда ноодатий унвонлар таъсис этилгани ҳақидаги хабар бутун интернет тармоғини ларзага келтирди, десак янглишмаган бўламиз. Енгил кулги, масхара ва ачиниш ҳақидаги мулоҳазаларга сабаб бўлган унвонлар «Халқ итбоқари» ва «Хизмат кўрсатган итбоқар» деб номланади.Тегишли қонунлар Туркманистон Мажлисининг навбатдаги йиғилишида қабул қилинди. Туркманистон парламентида таъкидланганидек, дунёда тарихий ва маданий меросни сақлаш ҳамда оммалаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ушбу фахрий унвонлар совриндорлари учун кўкрак нишонларининг эскизларини шахсан тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Туркманистон президенти Россия президенти Владимир Путинга алабай кучугини совға қилган, кучукка «Содиқ» лақаби берилган. 2019 йилнинг майида у Россия собиқ бош вазири Дмитрий Медведевга ҳам алабай совға қилган. 2020 йил ноябрь ойида Бердимуҳамедов Ашхободда алабай итига атаб ўрнатилган олтин ҳайкални очиб берганди.
Туркман алабайи ёки бўрибосар ити — Ўрта Осиё чўпон итининг бир тури. Ахалтеке оти билан бир қаторда, алабай Туркманистоннинг миллий бойлиги ҳисобланади. Мамлакатда расмий рухсатсиз зотли ҳайвонларни хорижга экспорт қилиш тақиқланади.
Изоҳ (0)