Шри-Ланка ҳукумати паранжи кийишга тақиқ қўйишни режалаштираётганини айтди. Уларнинг фикрига кўра, бундай кийим миллий хавфсизликка салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳақда Euronews телеканалига таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.
Таъкидланишича, жамоат хавфсизлиги вазири Сарат Вирасекара тегишли ҳужжатни имзолаган, энди у кўриб чиқиш учун ҳукуматга тақдим этилади.
«Болаликда кўпчилигимизнинг мусулмон дўстларимиз, шунингдек, мусулмон қиз дўстларимиз бўлган, лекин улар ҳеч қачон паранжи тақмаган. Бу экстремизмнинг белгиси, у яқинда пайдо бўлди. Шунинг учун биз буни, албатта, тақиқлаймиз», — деди Вирасекара.
Бундан ташқари, вазир ҳукуматнинг орол давлати ҳудудидаги мингдан зиёд мусулмон мактабларини ёпиш режаларини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бу таълим муассасалари Шри-Ланканинг таълим сиёсатига тўғри келмайди.
Телеканалнинг маълумотларига кўра, мамлакатда ислом динига эътиқод қилувчи тахминан икки миллион аҳоли истиқомат қилади. Охирги марта паранжига тақиқ 2019 йилги 250 дан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлган терактлардан кейин қўйилган эди.
ИШИД террорчилик ташкилоти Шри-Ланкадаги террорчилик ҳаракатлари учун жавобгарликни ўз бўйнига олган. 21 апрель куни Шри-Ланкада пасха байрами нишонланаётган черковлар ва меҳмонхоналарда 8 та портлаш бўлган. Натижада 310 киши ҳалок бўлган, 480 киши жароҳат олган. Бу портлашлар учун маҳаллий гуруҳ айбдор деб топилган эди, лекин бу расман эълон қилинмаган эди.
Аввалроқ Шри-Ланка президенти Майтрипала Сирисена кишининг юзидан шахсини аниқлашга халақит берувчи ҳар қандай либосни кийишни ман этувчи фармойишни имзолаган эди. Ушбу қарор юз берган қатор терактлардан сўнг мамлакатда вазиятни барқарорлаштириш учун қабул қилинган.
Изоҳ (0)