Google Microsoft’ни танқид қилди ва компанияни онлайн платформаларнинг ОАВ янгиликларидан фойдалангани учун тўлов жорий қилинишини қўллаб-қувватлагани учун корпоратив оппортунизмда айблади. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.
Гап Австралияда медиа бозор иштирокчилари кодекси қабул қилингандан кейин IT-компаниялар ўртасида юзага келган мунозаралар ҳақида кетмоқда. Ушбу кодекс ижтимоий тармоқлар ва қидирув тизимлари нашрларнинг муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган контентидан фойдалангани учун уларга пул тўлашини кўзда тутади. Ҳозирча бу қонун фақат Google ва Facebook компанияларига тегишли.
Февраль ойининг бошида Microsoft президенти Бред Смит Австралия ҳукуматининг ОАВни ҳимоя қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган эди. «Бугун медиа бозор ва журналистика рақамли технологиялар асрида бизнес моделлари ва истеъмолчилар истакларининг ўзгариши каби кўплаб муаммоларга дуч келмоқда», — деб ёзган Смит.
Шунингдек, Смит АҚШ расмийларига шу каби қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Бунга жавобан Google’нинг катта вице президенти Кент Уокер Microsoft’нинг бундай таклифлари рақобатда ўз манфаатларини ҳимоя қилишга уринишдан бошқа нарса эмаслигини таъкидлади. «Ушбу муҳим мунозара муаммонинг илдизи ҳақида бўлиши ва аниқ корпоратив оппортунизм томонидан бекор қилинмаслиги керак», — деди Уокер.
Унинг сўзларига кўра, иккала компания ҳам турли соҳаларда фаол рақобатлашмоқда — cloud хизматлардан электрон почта ва видео қўнғироқларгача. «Афсуски, бу соҳаларда рақобат кучайиб бораётгани сабабли Microsoft рақибларга ҳужум қилиш ва ўзининг манфаатига хизмат қиладиган қоидаларни пешлаш каби одатий услубига қайтмоқда», — деб таъкидлади Google вице президенти.
Аввалроқ Техас бош прокурори Кен Пакстон Американинг ўнта штати номидан судга Google’га қарши жамоавий даъво бериб, уни монополияга қарши қонунчиликни бузганликда айблаган эди. Шикоятлар, даъвогарлар фикрича, ноқонуний йўллар билан интернет-рекламани монополлаштирган IT-гигант фаолиятига алоқадор бўлган.
Изоҳ (0)