Бразилия расмий равишда 1500 йилда португалиялик дипломат Педро Альварес Кабрал бошчилигидаги флот томонидан кашф қилинган. Ҳиндистонга қараб сузаётган кемалар тасодифан, йўналишдан адашиб ҳозирги Фило Салвадор ва Рио-де-Жанейро ўртасидаги Порто Сегурога келиб қолишган. Соҳилга чиқиб янги ерни кашф қилганига ишонган Кабрал, бу ерга Португалиянинг рамзий хочини ўрнатган. Хўш, машҳур кашфиётчи Педро Кабрал ким эди ва қандай қилиб у Бразилияни кашф қилди? «Дарё» мазкур кашфиёт ҳақида ҳикоя қилади.
Педро Альварес Кабрал 1467 ёки 1468 йилларда Португалиянинг Белмонте шаҳрида туғилган. Унинг ёшлик йиллари ҳақида кам маълумот бўлишига қарамай, биз унинг иккинчи ўғил бўлганини ва зодагонлар оиласидан чиққанлигини биламиз. Унинг оиласи қиролликда хизмат қилгани сабабли, ёш Педро қирол саройида таълим олган. 1497 йилда Португалия қироли Мануэль I уни иқтидорлилиги ва содиқлиги туфайли қирол кенгашининг аъзолигига қабул қилади. Айнан ўша йилларда португаллар денгиз йўллари орқали Африка қитъаси атрофидан сузиб ўтишга уриниб, Осиё томон йўл қидиришаётган эди. Педро Кабралнинг ҳамкасби, кашфиётчи Бартоломеу Диас 1488 йилда Африканинг жанубий бурни атрофидан сузиб ўтган биринчи европаликка айланди, аммо Осиёга саёҳатини якунлай олмади. Тахминан ўн йил ўтгач, 1497 ва 1498 йиллар орасида португалиялик бир тадқиқотчи Африкани айланиб чиқди ва Осиёдан ўтиб, Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳрига етиб келди. Ушбу ютуқ Португалия империяси учун тез ва қулай бўлган савдо йўлини очди. Ушбу кашфиётни амалга оширган кашшоф Васко Да Гама эди.
Васко Да Гаманинг буюк саёҳатидан уч йил ўтгач, Португалия қироли Осиёда Португалия учун савдо портларини яратмоқчи эди. У ушбу экспедицияни бошқариш учун Педро Кабрални танлади. Қирол нима учун Кабрални танлаганига бошқа зодагонлар тушуна олмади. Сабаби Кабралнинг денгизчилик тажрибаси унчалик катта бўлмаган деб ҳисоблашарди. Аммо у қирол билан қалин алоқадалиги ва тожга содиқ киши бўлгани учун ҳам танланган деган тахминлар бор.
Ҳиндистонда савдо алоқаларини ўрнатишдан ташқари, Кабрал католикликни тарқатиш вазифасини ҳам бажарган. Католиклик христиан динининг бир бўлаги бўлиб, ўша пайтда Европанинг кўплаб мамлакатларида эътиқод қилинарди. Асрлар давомида кашфиётчилар борган жойларидаги маҳаллий динларнинг аксариятини нотўғри деб ҳисоблашган. Шунинг учун улар насронийликни маҳаллий аҳолига босим ўтказиб, баъзан эса куч билан сингдирилган. Кабрал нафақат, Васко Да Гама йўналиши бўйича юриб Африканинг ғарбий қисмидан Атлантика океанини сузиб ўтиши керак эди, балки сузиб ўтилган жойда бирон бир ер учраб қолса, бу ерни Португалия томонидан эгалланган деб эълон қилишни ва Португалия империясини кенгайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди. Кабрал ҳақиқатан ҳам улкан ерни топади.
Бразилиянинг тасодифий очилиши
Педро Кабрал 1500 йил 9 мартда Португалиянинг Лиссабонидан сузиб кетди. Унинг кемаси 13 кема ва 1200 кишидан иборат эди, шу қаторда таниқли тадқиқотчи Бартоломеу Диас ҳам унга ҳамроҳлик қилиб, кемалардан бирини бошқарган. Кабрал ва унинг флоти Африка қирғоғидаги Канар ороллари ва Кабо-Верде ороллари ёнидан сузиб ўтди. Кетганидан кўп ўтмай, Кабралнинг кемаларидан бири йўқолган ва чўкиб кетган деб ҳисобланади. Кабрал Африкани айланиб, Ҳиндистонга борадиган Васко Да Гама йўлидан юриши керак эди. Бироқ у тасодифан Африканинг жуда жануби-ғарбий қисмидан Атлантика океанига қараб сузиб кетди. Ушбу тасодифий хатолик уни Жанубий Америка соҳили ва европаликларга номаълум янги ерга олиб келди. Кабрал қирғоққа чиққач, бу ер Ҳиндистон эмаслигини тушунди. Сайёҳлар Кабрал ҳайкали ва унинг парки жойлашган ҳозирги Бахиа штати соҳилидаги Порту Сегурода қўним топдилар. У номаълум ва кашф қилинмаган оролга тушганига ишонган, шунинг учун қирғоққа чиқиб бу ерни Португалия қироллигига қарашли эканини исботловчи катта ёғоч хочни ўрнатди. Биз бу мамлакатни бугун Бразилия деб биламиз.Кабрал Португалияга ўзининг янгиликларини айтиб бериш ва янги ер ҳақидаги тафсилотларни баён қилиш учун битта кемани қайтариб юборди. У ва бошқа флотлар Терра-де-Вера-Крузда 10 кун қолди. Бу ерда Кабрал турли хил маҳаллий одамлар билан мулоқот қилди, табиатини ўрганди ва маълумотлар тўплади. Баъзи манбаларда маҳаллий аҳоли португалияликларнинг динига қизиққанлиги эслатиб ўтилган. Португалиялик денгизчиларнинг бир нечтаси ҳиндуларга қалайдан ясалган хочларини бўйинларига тақиш учун беришди. Кабрал Ҳиндистондаги миссиясини давом эттиришга тайёр эди. Кетишдан олдин у экипажнинг икки аъзосини бу ерни янада чуқурроқ ўрганиш учун қолдирди
Кейинги саёҳатлар
Кабрал ва унинг флоти Жанубий Американи тарк этиб, жануби-шарққа, Африкадаги Яхши Умид бурни томон йўл олди. Йўл давомида флот кучли бўронларга дуч келди ва жиддий талафотлар кўрди. 1500 йил 24 май куни бўрон Кабралнинг тўртта кемасини, шу жумладан Бартоломеу Диасни олиб кетаётган кемани чўктирди. Диас ва тўртта кемадаги барча одамлар чўкиб ўлдилар. Қолган олтита кемаси билан Кабрал Ҳиндистон томон йўл олди. Улар йўлда Софала, Мозамбик ва Килва каби бир қатор Африка портларида тўхташди. Савдо-сотиқда омади келмаган бўлса-да, муносабатларни яхшилаш учун маҳаллий аҳоли билан дўстона учрашишди. Шундай қилиб, улар тез орада сузишларни давом эттириб, олдинга қараб кетишди.Ниҳоят улар 1500 йил 13-сентябрда Ҳиндистоннинг Калкуттасига етиб келди. Унинг Калкуттадаги ўтказган вақти қийинчиликларга тўла эди. Сабаби у ерда Араб савдогарлари ва португаллар ўртасида низолар одатий ҳол эди. Бир вақтнинг ўзида бир нечта португалиялик эркаклар араблар томонидан ўлдирилган. Кабрал мазкур шаҳарни босиб олиб, ўнта араб кемасини қўлга киритди ва кейин уларнинг экипажини қатл этди. Кабрал бошқа Ҳиндистон шаҳарларида саёҳат қилишни давом эттирди ва уйга қайтиб боришдан олдин 1501 йилда мол ва зираворлар сотиш ва сотиб олиш билан шуғулланди. У 1501 йил июлда Португалиянинг Лиссабон шаҳрига етиб борди.
Кейинги йиллар ва ўлим
Педро Кабралнинг Португалияга қайтиши турли хил қабул қилинди. У Бразилияни кашф этди ва Ҳиндистонда савдони йўлга қўйишда ёрдам берди. Бироқ Ҳиндистонда араб савдогарлари билан муносабатлар ёмонлашгани туфайли муаммолари кўпайди. Бундан ташқари, Кабрал саёҳати давомида ўз кемалари ва экипажининг ярмидан кўпини йўқотди. Шундай бўлса-да, Португалия қироли унга Ҳиндистонга навбатдаги саёҳати учун буйруқ берди. Кабрал бир неча ой давомида тайёргарлик кўрди, аммо улар кетишидан бироз олдин унинг ўрнини Васко да Гама эгаллади. Кабрал қирол саройини тарк этди ва нафақага чиқди. Кейинчалик оила қуриб 6 фарзанд кўрди ва ҳаётининг сўнгигача тинч ҳаёт кечирди. Буюк кашфиётчи 1520 йилда Лиссабонда вафот этди.Португалларнинг иқтисодий мақсадлари
Бразилиянинг биринчи мустамлакачиларини қитъанинг туб аҳолисининг бир гуруҳидан бўлган Тупинамба ҳиндулари кутиб олишди. Португалияликларнинг асл мақсадлари оддий эди: пау-бразилиядаги даромадли савдони, шу ерда ўсадиган даромадли қизил дарахтларни (бўёқлар ишлаб чиқаргани учун фойдаланилган) монополлаштириш ва доимий аҳоли пунктларини барпо этиш. Дарҳақиқат, бразилия ҳиндулари ва португаллар дарахтларни йиғишда биргаликда ишлаганликлари ҳақида далиллар мавжуд. Кейинчалик, ўрмонзорларни қидириб топиш учун қитъанинг ички қисмга саёҳат қилиш савдодан кўра ҳам муҳимлашди. Қизил дарахтлардан тозаланган ерларда плантациялар ташкил этишга қизиқиш ортди ва шу билан бирга ишчи кучига эҳтиёж бор эди. Португалияликлар маҳаллий ҳиндуларни қул қилиб олишга уринишган, аммо бир неча соат далада ишлашга одатланмаган ва Европа касалликлари билан оғриб, кўплаб маҳаллий аҳоли узоқроққа қочиб кетган ёки ўлган. (Кабрал келганида маҳаллий аҳоли 3 миллиондан ошиқ эди; бугунги кунда уларнинг сони 200 минг атрофида қолган.) Кейин португаллар ишчи кучи сифатида африкадаги қул савдосига мурожаат қилишди.Абдулазиз Акрамов тайёрлади.
Изоҳ (0)