Анъанавий ҳафталик дайжестимизни бошлаймиз.
Озодликдан маҳрум этилган Саркози
Ҳафта бошида Париж суди Франциянинг собиқ президенти Николя Саркозини коррупция, мансабни суиистеъмол қилиш ва тергов сирини ошкор қилишда айблаб, бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.Таъкидланишича, Саркозининг панжара ортида қолиши эҳтимолдан йироқ, чунки икки йилгача бўлган жазо одатда қамоқхонада ўталмайди. Унинг суд ҳукми устидан шикоят қилиши кутилмоқда. Саркози суд биносини изоҳсиз тарк этган.
Тергов маълумотларига кўра, Николя Саркози адвокати орқали Гильберт Азибертга Монакодаги лавозимга тайинлашда ёрдам беришга ваъда берган. Бунинг эвазига собиқ президент «Беттанкур иши» доирасида унинг телефонига қўйилган телефон эшитуви ҳақида маълумот олмоқчи бўлган. Бу L’Oreal эгаси Лилиане Беттанкурдан сайловолди ташвиқоти учун маблағларни ноқонуний равишда олиш билан боғлиқ эди, бу ҳолатда Николя Саркози оқланди.
Орадан бир кун ўтгач, у суд қарори устидан ариза киритишини маълум қилган. Адвокат ўз мижозига чиқарилган суд ҳукми асосланмаганлиги ва холис эмаслигини таъкидлаган. У Саркозининг айбсиз эканлигини исботлашга уринишини ваъда қилган.
Бу Франциянинг ҳарбий тузумдан кейинги тарихида собиқ президентнинг суд олдида жавоб бериши ва қамоқ жазосига ҳукм қилиниши билан боғлиқ биринчи воқеа бўлди. Саркозигача 2011 йилда яна бир собиқ президент Жак Ширак Париж мериясидаги фаолияти давомида қилган ишлари учун суд қилинган. Бироқ у соғлиғидаги муаммолар сабаб ҳеч қачон судда айбдорлик курсисида ўтириб, савол-жавобларда иштирок этмаган.
Март ойи давомида Саркози билан боғлиқ яна бир суд иши бошланиши мумкин. У ва яна 13 киши 2012 йилдаги Саркозининг президентлик кампаниясини ноқонуний молиялаштирганликда гумон қилинмоқда. Саркози бошқарган «Халқ ҳаракати учун иттифоқ» партияси сайловолди кампания учун 42,8 миллион евро, яъни белгиланган лимитдан икки баравар кўп маблағ олганлиги тахмин қилинмоқда. Шубҳали ҳаракатларга қарамай, Саркози 2012 йилдаги сайловларда ютқазган ва социалистлар вакили Француа Олланд президентликка сайланганди.
Папа Ироққа келди
Ҳафтанинг яна бир муҳим сиёсий воқеаси Рим Папаси Францискнинг Ироққа ташриф буюриши бўлди.Папа Франциск ушбу мамлакатга маҳаллий насронийлар учун ҳимояга эришишга уриниш учун келди. 6 март куни понтифик Ироқ шиалари диний етакчиси, мамлакатдаги энг йирик диний ҳамжамиятга раҳбарлик қилувчи оятуллоҳ Али ас-Систаний билан учрашди. Оятуллоҳ папа Францискка мамлакатдаги насронийларни ҳимоя қилишда давом этишга ваъда берди. «Диний ҳукумат мамлакатдаги насронийлар ҳамжамияти учун тенг ҳуқуқлиликка эришади», — деди оятуллоҳ.
«Насронийлар худди барча ироқликлар каби — хавфсизликда, барча конституциявий ҳуқуқлар билан яшаши керак», — дейилади оятуллоҳ девони тарқатган хабарда.
Фуқаролар уруши ва ИШИД жангарилари томонидан зўравонлик оқибатида сўнгги 20 йил ичида Ироқда насронийлар сони қарийб 1,5 миллиондан 250 минг нафаргача тушиб кетган.
Марсоход Марсда илк сайрга чиқди
2020 йилнинг 31 июнь санасида NASA бортига Perseverance номли янги аппарат ўрнатилган Atlas V ракета-ташувчисини Канаверал саҳросидан учирган эди.
2021 йил 9 февралга ўтар кечаси Perseverance тадқиқот аппарати Марсга муваффақиятли қўнишни амалга оширди. Қўниш, тахминан, етти дақиқа давом этган. Бу вақт мобайнида барча операциялар автоматик режимда амалга оширилган.
6 март куни у илк бор юришни амалга оширган. Марсоход сайёра юзасида из қолдириб, тахминан, беш метр юрган. Бу ҳақда NASA Twitter орқали маълум қилган.
«Мен Марсда биринчи синов тариқасида беш метрга яқин жойни босиб ўтдим. Сиз менинг ғилдирак изларимнинг фақат бошланишини кўриб турибсиз. Ҳали кўп из ҳосил қилиш керак», — дейилади хабарда.
Танқид учун қамоқ
2 март куни Туркманистонлик талабa йигит интернетда ҳукуматни танқид қилгани учун Москвада ҳибсга олинган. Туркманистонлик талаба Рўзгелди Чўлиев 2 март куни кечқурун Истанбулдан Москванинг Шереметьево аэропортига келиб тушган пайтда ҳибсга олинди. У интернетда ҳукуматни танқид қилгани учун Туркманистон махсус хизматлари томонидан таъқиб қилинаётган эди.Йигитни ҳибсга олган полиция ходимларининг сўзларига кўра, у Туркманистонга депортация қилиниши мумкин.
Чўлиев интернетда бир неча бор Туркманистон президентини танқид қилиб, видео жойлаштирган. Бир таниши унга Москвага келишни таклиф қилган ва ҳар томонлама ёрдам беришни ваъда қилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркманистон идораси Рўзгелди Чўлиев билан боғлиқ вазиятни назорат қилмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, сўнгги кунларда яна бир неча туркман фаоллари Москвага келиш таклифларини олган.
Аввалроқ Туркманистон президенти театрларда «халқнинг бахтли ҳаёти» тўғрисидаги спектакллар йўқлиги сабаб маданият вазирига ҳайфсан берган эди. «Халқнинг бугунги ютуқлари ва бахтли ҳаётини мадҳ этувчи янги спектакллар маданият марказлари ва театрларида намойиш этилмаяпти, бу ҳақидаги қисқа саҳна асарлари кам» — дея таъкидлаган давлат раҳбари.
Изоҳ (0)