Катин қатлиоми Бутуниттифоқ болшевиклар коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг 1940 йил 5 мартдаги қарорига биноан амалга оширилган Польша армиясининг асир олинган зобитларини қирғин қилиш ҳодисасидир. Архив ҳужжатларига кўра бу қирғинда жами 21 857 киши отиб ташланган, яъни 1940 йил 5 мартдаги махфий қарор билан ўлимга ҳукм қилинган 21 857 полякдан ҳеч бири омон қолмаган. «Дарё» бугун ушбу ҳодиса тафсилотларидан сўзлайди.
Эълон қилинмаган уруш асирлари
1939 йил 1 сентябрда Гитлер Польшага ҳужум қилди. Воқеадан 17 кун ўтиб, СССР 1932 йил 25 июлда Польша билан имзоланган ўзаро ҳужум қилмаслик тўғрисидаги шартномани бузиб, катта куч билан (21 та ўқчи ва 13 та отлиқ дивизия, 16 та танк ва 2 та моторли бригада – жами 618 минг киши ва 4733 та танк) поляк армиясига зарба берди. Расмий Совет версиясига кўра, ҳужумдан мақсад Ғарбий Украина ва Ғарбий Беларусь аҳолисини ҳимояга олиш эди.240 мингга яқин полшалик аскар асир олинди, улар орасида қўлига эндигина қурол олган ҳарбий хизматчилар, ёш зобитлар ҳам бор эди. Урушдан олдин СССРга қўшиб олинган ҳудудларда яшаган оддий аскарлар тез орада ўз уйларига қўйиб юборилди. Совет лагерларида 39 мингга яқин офицер ва полициячилар қолди. 1940 йил ёзида уларга 1939 йилда Литва ва Латвиядан асирга олинган яна 5 минг киши қўшилди. Ушбу одамларни ҳибсда ушлаб туриш учун ҳеч қандай қонуний асос бўлмаган. Уларни ҳарбий асирлар деб ҳам бўлмасди, чунки Москва Польшага қарши уруш эълон қилмаганди. Бироқ фуқаролар уруши ва «қизил террор» даврида сиёсатчи сифатида шаклланган СССРнинг ўша пайтдаги раҳбарлари, эҳтимол, ҳеч қандай ножўя хатти-ҳаракат қилмаган, бироқ шундай ишни содир этиши мумкин бўлган одамларни йўқ қилишни табиий деб ҳисоблашган.
КГБ раиси Александр Шелепиннинг Хрушёвга 1959 йил 3 мартда тақдим этган маълумотларига кўра (бу маълумотлар шу қадар сир тутилганки, Шелепин уни битта нусхада ўз қўли билан ёзган), қирғин давомида 21 857 киши отиб ташланган. Қатл қилинганларнинг 60 фоизи Германия ҳужумидан кейин кўнгилли сифатида чақирилган ёки армияга қўшилган зиёлилар эди. Ҳибсга олинганлар учун ташкил қилинган лагерлар мисолида оладиган бўлсак, биргина Козельск лагерида 20 нафар профессор-ўқитувчи бор эди.
Совет рулеткаси
5 мартдаги сиёсий бюронинг фармонига биноан Берия Меркулов ва Кобуловнинг ўринбосарлари ҳамда НКВД 1-махсус бўлими бошлиғи, маҳбусларнинг ҳисобини юритиш бўйича масъул Баштаковдан ташкил топган «учлик»ка кимни отиш ва кимнинг ҳаётини сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилиш тайинланди.Бундан ташқари, 1939 йил 27 октябрда Меркулов лагерлардаги поляклар орасидан «антисовет унсурларни» аниқлаш ва агентларни жалб қилиш бўйича «тезкор разведка тадбирлари» режасини тасдиқлади.
Тирик қолганларнинг ҳаммаси НКВД билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган деган фикрга келиш хато. Ҳар бир инсоннинг тақдирини белгилашда унинг таржимаи ҳоли, лагердаги хатти-ҳаракатлари ва у билан ўтказилган суҳбатлар инобатга олинган эди.
Юқори даражадаги ҳарбий хизматчиларнинг бир қисми, шу жумладан, генерал Владислав Андерс Бутиркадаги лагердан Лубянкадаги ички қамоқхонага кўчирилган.
Кимлар омон қолган эди?
1941 йил 30 июлда Польша бош вазири Сикорский ва Совет Иттифоқининг Лондондаги элчиси Майскийлар СССР ва Польша ўртасида дипломатик муносабатларни тиклаш тўғрисидаги битим имзолади. 12 августда Совет ҳукумати 1931-1941 йилларда ҳибсга олинган ёки депортасия қилинган 381 220 полшаликни афв этди. 14 августда Совет ҳудудида Польша ҳарбий қисмларини тузиш тўғрисида битим имзоланди. 1942 йил баҳорида Лубянкадаги ички қамоқдан озод қилинган генерал Владислав Андерс бошчилигидаги армия зобитлари сони 73 минг кишини ташкил этди.3 декабрь куни Сталин билан учрашиш учун Лондондан учиб келган Сикорский ҳамда генерал Андерс Козельск, Осташков ва Старобельск лагерларидаги маҳбуслар тақдири тўғрисида сўз очди. Совет раҳбари бунга жавобан уларнинг қочиб кетишганини ва уларни Манжуриядан қидиришларини маслаҳат беради.
Бироқ 1943 йил 13 апрелда Германия ҳукумати бутун дунёга Катинда рўй берган даҳшатли қотилликлар ҳақида эълон қилди. Унга кўра, Совет-Германия фронтида 27,5 мингга яқин поляк ўлдирилган ва бедарак йўқолган эди.
Дилбар Исматуллаева тайёрлади
Изоҳ (0)