Москва шаҳрида 2021 йилнинг 2 март куни амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Маълум қилинишича, учрашув чоғида вазир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия томонини 2021- йили Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф қилган мактубини топширди.

Ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа томонларни қизиқтирган соҳалардаги Ўзбекистон – Россия муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилди.

Илгари эришилган келишувларнинг ижро жараёни ҳамда бўлажак олий ва юқори даражалардаги тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида доимий авиақатновларни тиклаш масаласини, Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудига киришлари билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш имконияти юзасидан фикр алмашди.

Вазирлар БМТ, МДҲ, ШҲТ ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг турли жиҳатлари борасида ҳам сўз юритди.

Афғонистондаги бугунги вазият, инклюзив афғонлараро музокараларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва Афғонистон иштирокида транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида ташқи ишлар вазирларининг оммавий ахборот воситалари учун брифинги ўтказилиб, музокараларнинг натижалари эълон қилинди ва журналистлар саволларига жавоблар берилди.

Бундан аввал Абдулазиз Комилов Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашиб, унга Шавкат Мирзиёев мактубини топширгани, Афғонистон президенти қабулида бўлгани ҳамда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашгани ҳақида хабар берилганди.