Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси фойдаланиш учун рўйхатдан ўтказилди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Қайд этилишича, Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси коронавирусга қарши вакцинани яратишда Ўзбекистоннинг ҳиссаси ва саъй-ҳаракатларини инобатга олиб, ZF 2001 вакцинани бирга яратган ҳаммуаллиф мамлакат сифатида белгилади. Ушбу янги вакцинани ZF-UZ-VAC 2001 номи билан биргаликда ишлаб чиқариш ва фойдаланишга келишилгани билдирилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги хабарига кўра, 2021 йил 1 март куни ZF-UZ-VAC 2001 коронавируснинг янги типига қарши рекомбинант (ЧО cелл) вакцина тиббиёт амалиётида қўллаш учун тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди.

Таъкидланишича, дори-дармонлар қаторида вакциналар ҳам тиббиёт амалиётида қўлланилишига давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин рухсат этилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон ушбу вакцинани ишлаб чиқаришда Хитой компанияси билан ҳаммуаллиф ҳисобланади. Хитой компанияси мазкур вакцинани ҳамкорликда ишлаб чиқариш учун Ўзбекистонда фаолият юритаётган бир қатор фармацевтика корхоналари фаолиятини ўрганиб, лаборатория ҳамда техник ва ишлаб чиқариш қувватларини инобатга олиб, Журабек Лабораториэс МЧЖ қўшма корхонасини танлаган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев маълум қилишича, агар махсус комиссия бунга рухсат берса, Хитой вакцинаси ҳамкор сифатида Ўзбекистонга имтиёзли нархларда ва етарли қувватларда етказиб берилади.

Вакцина коронавируснинг «британча» ва «африкача» штаммларига қарши Moderna вакцинасидан олти баробарга яхшироқ бўлиб чиққани маълум қилинган.

Ҳозирда Ўзбекистонда ушбу вакцина синовлари давом этмоқда. 5 февраль ҳолатига кўра эмланганлар сони 6484 кишига етган. Шунингдек, 2-доза билан эмланганлар 1000 нафардан ошган. Вакцина қабул қилганлар орасида 5 нафар шахсда биринчи даражали ножўя таъсирлар (аллергик реакция, бироз иситма чиқиши, бош оғриғи) кузатилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш март ойининг биринчи ярмида бошланиши маълум қилинган. Махсус комиссия қарорига кўра, Ўзбекистонда Россиянинг Гамалея илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган «Спутник V» вакцинасини қўллашга рухсат берилди. Коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган.