Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг навбатдан ташқари 26-сессиясида давлат раҳбарининг таъкидлашича, Ўзбекистон аҳолисини эмлаш жараёнининг биринчи босқичида 1 миллионта вакцина олиб келиш режалаштирилган.

Фото: Forbes

«Алишер Бурхонович 1 миллионта вакцинадан 500 мингини ўзимнинг ҳисобимдан олиб бераман, деди. ‘Мен Наманганни яхши кўраман, биринчи 50 мингини уларга беринг’, деб илтимос қилди. Бу эмлаш масаласини ҳам кўриб чиқяпмиз», — деди давлат раҳбари.

Аввалроқ Ўзбекистонда дастлабки босқичда 50 мингга яқин киши COVID-19’га қарши эмланиши маълум қилганди. Молия вазири Тимур Ишметов эса 2021 йилда Ўзбекистон коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун 3 триллион сўм ажратишини билдирган. Ўзбекистонда коронавирусга қарши биринчи навбатда эмланадиган фуқаролар сони 4 миллиондан ортиқни ташкил этади.