Тошкент шаҳри Учтепа туманида 35 ёшли эркакни калтаклаб, телефонини олиб қўйган уч нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар беради Тергов департаменти.

Фото: Тергов департаменти

Маълум қилинишича, 29 январь куни соат 19:30 ларда номаълум шахслар Учтепа тумани 11-мавзе Кичик ҳалқа йўли кўчасидан ўтиб кетаётган 35 ёшли фуқаро Илҳом А.га нисбатан ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб, унга тегишли бўлган қимматбаҳо буюмларини қўлга киритмоқчи бўлган.

Илҳом А. у ердан қочиб кетган, лекин номаълум шахслар унинг ортидан Чилонзор тумани 10-мавзе 17- ва 19-уйлар оралиғигача қувиб келиб, унга тан жароҳати етказиб, нархи 2 миллион сўмлик Samsung А-21 S русумли уяли телефон аппаратини талончилик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Фото: Тергов департаменти

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни фуқаро 37 ёшли Виктор З., 35 ёшли Михаил П. ва Анатолий Л. маст ҳолатда содир этгани аниқланган. Улар талончилик йўли билан қўлга киритилган Илҳом А.га тегишли телефонни «Фарҳод деҳқон бозори»да номаълум шахсга 300 минг сўм эвазига сотиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан зўравонларга нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «а,в» бандлари (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов давомида Виктор З., Михаил П. ва Анатолий Л. айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Аввалроқ Марғилонда ўзидан бир ёш катта йигитнинг 4,1 млн сўмлик телефонини олиб қўйган 5 нафар вояга етмаган болага нисбатан жиноий иш очилгани маълум бўлганди.